Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Статистика соҳасидаги ўзгаришлар
2018-03-28 | Жамият
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 31 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳа фаолиятини янги босқичга кўтариш, статистика ахборотларини йиғиш, тўплаш, сақлаш, қайта ишлаш ҳамда уларни интернет тармоғи, оммавий ахборот воситалари ва маҳаллий телеканаллар орқали кенг тарқатишни янада такомиллаштиришга муҳим омил бўлаётир.
Мазкур ҳужжат доирасида кўзланган натижаларга эришиш, соҳа фаолиятини яънада такомилаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида “Миллий статистика тизими, ислоҳотлар, натижалар ва келгусидаги вазифалар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда давлат ва жамоат ташкилоти вакиллари, кадрларни қайта тайёрлаш ва статистик тадқиқотлар маркази, Банк-молия академияси вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда бугунги “Ахборот асри”да статистик ахборотларнинг эркинлиги, ошкоралигини таъминлаш, ривожланиш кўрсаткичларини халқаро статистик тўпламларда чоп этиш ҳамда турли йўналишдаги рейтингларда акс эттиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтингларда холис ва тўғри баҳоланишини таъминлаш мақсадида, Давлат статистика қўмитаси томонидан халқаро ташкилотларнинг 23 саволномаси доимий равишда тўлдириб келинаётгани қайд этиб ўтилди.
Ҳозирда қўмита Европа иқтисодий комиссияси, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки ва бошқа бир қатор нуфузли халқаро ташкилотлар билан яқин алоқа ўрнатиб, статистика соҳасида самарали ҳамкорлик ишларини олиб бормоқда.
Таъкидланганидек, қарор ижросини таъминлаш юзасидан Давлат статистика қўмитасида комплекс чора-тадбирлар дастури, назорат режаси ва вазифаларнинг ҳар бир банди ижроси бўйича харакат режалари ишлаб чиқилди. Шунингдек, Давлат статистика қўмитаси марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмалари таркиби қайтадан кўриб чиқилиб, қўмита марказий аппарати таркибида янги бошқармалар ташкил этилди.
Статистик ахборотларнинг тўлиқ очиқлигини таъминлаш мақсадида эълон қилинадиган кўрсаткичлар таркиби қайта кўриб чиқилиб, кенгайтирилди. Қўмитанинг расмий веб-сайти таҳлилий маълумотлар, бюллетенлар, ҳисобот ва пресс-релизлар билан мунтазам равишда бойитиб борилмоқда.
Давра суҳбати қатнашчиларига Давлат статистика қўмитаси бошқарма бошлиқлари томонидан тегишли мавзуларда маърузалар қилиниб, батафсил тушунчалар берилди.
Иштирокчиларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб қайтарилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА
Манба: ЎзА