Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан самарали фойдаланишлари учун
2018-03-27 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 февралдаги «Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2796-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу қарорда янги ишлаб чиқаришлар ва иш жойлари яратишни хоҳловчи тадбиркорлар бунинг учун зарур ишлаб чиқариш биноларини харид қилишда дуч келаётган қийинчиликларни олдини олиш, қурилиши тугалланмаган объектлардан ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларидан самарали ҳамда оқилона фойдаланиш, зарур инвестициялар киритиш, замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, янги иш жойлари барпо этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш устувор вазифа сифатида белгилаб ўтилган.
Қарорга мувофиқ намунавий таркибда қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини хатловдан ўтказиш ҳамда аниқлаш бўйича идоралараро комиссиялар тузилган.
Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий органи идоралараро комиссиянинг ишчи органи этиб белгиланиб, идоралараро комиссия зиммасига бир қатор асосий вазифа ва функциялар юклатилди. Хусусан, комиссия тегишли ҳудудда қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини аниқлаш, ўтказилган хатлов якунлари бўйича уларнинг рўйхатини шакллантириш, қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг мулкдорлари билан биргаликда ишлаб чиқаришни ёки хизмат кўрсатиш соҳаси объектларини ташкил этиш, шунингдек, янги иш жойлари яратиш бўйича инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун тадбиркорлар томонидан рухсатнома ҳужжатларини ва тижорат банкларининг кредитларини олишда уларга ёрдам бериш назарда тутилган.
Бундан ташқари, қарорга асосан илгари хусусийлаштирилган қурилиши тугалланмаган объект ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдони негизида инвестиция лойиҳаси амалга оширилмаган ҳолларда мулк ва ер солиғи навбатдаги ҳисобот йилидан бошлаб икки карра миқдорда оширилади ва ҳар бир кейинги ҳисобот йилида икки карра миқдорда, аммо олти каррадан кўп бўлмаган ошириб борилувчи коэффициент қўлланилиши, вилоят ҳокимлиги фойдаланилмаётган ҳамда мақсадга номувофиқ фойдаланилаётган ер участкалари олиб қўйилишини, бўшаётган ер участкалари захира ерлари тоифасига ўтказилиши кўрсатиб ўтилди. Шу билан бирга, қарорга мувофиқ тижорат банкларига қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари негизида инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахсларга, шунингдек, ижарачиларга 5 йил муддатгача, имтиёзли даври 12 ой бўлган ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмайдиган ставка бўйича имтиёзли кредитлар ажратиш вазифалари белгилаб берилди.
Ўтган давр мобайнида вилоятда қарорнинг бажарилиши давомида Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг вилоят бошқармаси томонидан фойдаланилмай турган 15 та бино ҳамда иншоот бўйича солиқ идораларига хулоса киритилган бўлиб, уларга юқорида айтиб ўтилганидек икки карра яъни, 76.8 млн.сўм миқдорда ер ва мол-мулк солиқлари ҳисобланган.
Мазкур қарор республикамизда тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир иқтисодий ислоҳотлар негизида авваламбор, солиқ юкини камайтириш, солиқларнинг рағбатлантирувчи ролини янада ошириш, солиқ маъмурчилигини янада соддалаштиришга қаратилган бўлиб, пировардида тадбиркорлик субъектларининг реал даромадларини ошириш, уларнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтириш ва рағбатлантиришга ижобий таъсир кўрсатиб келмоқда.
Обид ШЕРНАЗАРОВ,
Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси
назорат бўлими бош инспектори
Манба: Сирдарё вилояти ҳокимлиги