Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Сурхондарёнинг экспорт имконияти кенг

2018-03-27 | Иқтисодиёт

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 27 февраль куни экспортни ошириш ва импортни қисқартириш бўйича қўйилган вазифалар ижроси, бу борада тармоқлар ва ҳудудлардаги ишлар ҳолати таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди. 

Унда давлатимиз раҳбари экспорт режасини бажаришдаги камчиликларни чуқур таҳлил қилиб, асосий йўналиш ва вазифаларни белгилаб берди. Ана шулардан келиб чиқиб, Сурхондарё вилоятида ҳам рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш учун қулай шароит ҳамда имкониятлар яратиш борасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. - Сурхондарёда ишлаб чиқарилаётган ва етиштирилаёган маҳсулотларга чет давлатлар катта қизиқиш билан қарамоқдалар. Жумладан, 2017 йилнинг биринчи чорагида ушбу вилоятда 27 та экспортёр фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 38 нафарга етди. Шу ўринда экспортёрлар нафақат маҳсулотлар олди-сотдиси, балки уларни кластерни ташкил қилиш бўйича ҳам ўз таклифлари билан мурожаат қилмоқдалар, - дейди Сурхондарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Тўра Боболов.

Сурхондарё вилояти божхона бошқармасида экспортга юборилаётган барча турдаги маҳсулотларни “Термиз”, “Жарқўрғон”, “Денов” ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида тез фурсатларда расмийлаштириш тизими яратилган. Масалан, “Termiz Kargo Centr” МЧЖ ҳудудида жойлашган “Термиз” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости орқали ҳозирда экспорт қилиш учун олиб ўтилаётган товар ва транспорт воситаларини замонавий ренген мажмуаси орқали божхона кўригидан ўтказиш ҳамда расмийлаштириш ишлари тез фурсатда амалга оширилиб, экспортга йўналтирилмоқда. Мазкур божхона масканида бир суткада ўртача 70 га яқин автотранспорт воситалари чуқур назоратдан ўтказиляпти.

Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Толибжон Саидов таъкидлаганидек, жорий йилнинг 27 февраль куни Муҳтарам Президентимиз раислигида ҳудудий экспорт ҳажмини камида 30 % га ошириш, импортни эса 30% га оптималлаштириш бўйича “Йўл хариталари” ишлаб чиқиш ва шу асосда ишларни ташкил этиш вазифаси белгилаб берилган эди. Мазкур топшириқ ижроси юзасидан вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда ҳар куни 2 соат экспорт ва 2 соат импорт масалалари бўйича чуқур таҳлил олиб борилмоқда. Натижада, 2018 йилнинг 2 ойида экспорт ҳажми 17,2 млн. (10,8 млн) АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,5 млн. АҚШ долларига, ёки 60,6 % га кўпайган. Экспорт ҳажмининг ошиши билан бир қаторда яратилган енгилликлардан келиб чиқиб, экспорт географияси ҳам кенгаймоқда. Масалан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 72 % Афғонистонга, 10 % и Россияга, қолган 18% и Туркия, Хитой, Украина, Қозоғистон каби давлатларга экспорт қилинган.

Бу ерда шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар сифатида экспорт ишларини “Бир дарча” тамойили бўйича амалга ошириш механизми қўлланиб келинмоқда. Аҳамиятлиси, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан тегишли сертификат ва рухсат бериш тусидаги ҳужжатлар учун аризанинг ягона электрон шакли расмийлаштирилиб, сертификат идораларига электрон тарзда юборилади. Ўз навбатида улар ҳам тадбиркорларга керакли ҳужжатларни электрон тарзда расмийлаштириб беришади. Бу эса тадбиркорларнинг ҳам вақтини, ҳам нақдини тежаб, давлат хизматларига бўлган ишончини оширмоқда. 

“Termiz Kargo Centr” МЧЖ ҳудудида шунингдек, замонавий меҳмонхона ҳам бунёд этилган бўлиб, унда чет эллик тадбиркорлар ва маҳаллий ишбилармонларнинг ўз бизнесини самарали олиб бориши ва дам олишлари учун ҳар томонлама қулай шароитлар мавжуд. 15 йил давомида тадбиркорлик соҳсасида фаолият олиб борувчи афғонистонлик экспортёр Муҳаммаджавид Муҳаммадамин Сурхондарёдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилаётганлигини таъкидлаб, божхона ва банк хизматларини алоҳида эътироф этди.

- Илгари Ўзбекистондан маҳсулот экспорт қилиш жараёнлари биз учун оғир кечар эди, ҳозир 20 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотларни экспорт шартномаларини тузмасдан, инвойс асосида экспорт қилмоқдамиз, - дейди афғонистонлик экспортёр суҳбат жараёнида. Соҳа ривожи йўлида қўйилган яна бир истиқболли қадам бу –Афғонистон Ислом давлатига юртимиз тадбиркорлари томонидан тухум маҳсулоти экспорти йўлга қўйилганидир. “Жарқўрғон парранда” МЧЖ ҳамда қўшни давлат тадбиркорлари ўртасида 3 млн. АҚШ доллари миқдорида шартнома имзоланган бўлиб, айни кунгача 569 минг долларлик тухум ушбу давлатга экспортга чиқарилди.

Мазкур корхона раҳбари Абдуқаҳҳор Қулматовнинг сўзларига кўра, маҳсулотни экспорт қилишда божхона операциялари шу ернинг ўзида амалга оширилиб, маҳсулот ортилган юк автотранспорти “Жарқўрғон парранда” МЧЖ ҳудудидан тўғри Афғонистонга қараб йўл олиши натижасида тухум маҳсулотлари сифати бузилмасдан, тез фурсатларда манзилига етиб бормоқда. 

 Давлат божхона қўмитаси ва Россия Федерацияси Федерал божхона хизмати ўртасида “Соддалаштирилган божхона йўлаги” тўғрисида битим имзоланган. Унга кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинганда, қабул қилувчи мамлакатда товарлар божхона кўригидан озод қилиниши белгиланган. Бу эса юртимиздан келтирилган мева-сабзавотларнинг сифати ва таъмига таъсир кўрсатмасдан, тез фурсатларда Россиянинг бозорларига чиқиш имкониятини яратади. Бундан ташқари, фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг тез ва сифатли экспортини таъминлаш мақсадида вилоятимиз бўйлаб қатор марказлар ташкил этилган.

Биргина Ангор туманида тўртта мана шундай қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш шахобчалари фаолият юритмоқда. Аҳамиятлиси, божхона кўриги ва ҳужжатлар расмийлаштируви шу ернинг ўзида амалга оширилиб, маҳсулотлар тўғридан-тўғри хорижга жўнатилади. “GOLD DRIED FRUITS” МЧЖга қарашли 639 гектар ер майдонига эга агрофирма, асосан, мева-сабзавот етиштириш ҳамда уларни экспорт қилишга ихтисослаштирилган. Бу ерда иссиқхона шароитида ноанъанавий сабзавот маҳсулотлари етиштириш йўлга қўйилган. Энг замонавий технологиялар асосида бунёд этилган қиймати 35 миллион АҚШ долларига тенг 100 гектарлик иссиқхона корхона имкониятларини янада кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда. 

 — Президентимиз вилоятимизга ташрифи чоғида агрофирмамиз фаолияти билан ҳам яқиндан танишиб, ўзларининг қимматли таклиф ва тавсияларини берган эдилар. Жумладан, йилда икки маротаба ҳосил олишга мўлжалланган иссиқхонамиз имкониятини юқори баҳолаб, бундай илғор технологияни вилоятда кенг оммалаштириш лозимлигини таъкидлагандилар – дейди агрофирма мутахассиси Алишер Нурматов. Ҳозирда воҳамиздан чет давлатларга нафақат қишлоқ хўжалик маҳсулотлари балки, қурилиш материалларининг ҳам экспорти амалга оширилмоқда.

 Она замин неъматларидан бири – қамиш ўсимлиги Термиз шаҳридаги мебель ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (ДСП) ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонанинг асосий хом ашёси ҳисобланади. Мазкур қувватнинг ташкил этилганига ҳали кўп вақт бўлмаган, аммо, у аллақачон, ўзининг хорижий харидорларини топиб улгурди. Шу боис ҳам маҳсулотнинг 50 фоизи ички бозорга чиқарилаётган бўлса, 50 фоизи экспортга йўналтирилмоқда. Ҳозиргача корхона Афғонистон ҳамда Тожикистон билан 2 млн АҚШ долларлик шартнома тузишга эришди. Сурхондарё вилоятининг бошқа ҳудудларда учрамайдиган алоҳида экспорт имконияти бор. Бу – Республикамизни қўшни Афғонистон билан боғлаб турган Амударё орқали алоқаларни амалга оширувчи “Термиз Дарё порти” МЧЖнинг мавжудлигидир.

 

Термиз дарё порти Амударёнинг қирғоғида, Ўзбекистон Республикаси билан Афғонистон Ислом Республикаси чегарасида жойлашган. «Термиз Дарё Порти» МЧЖ ҳудудига темир йўл вагонлари ва автоуловлар орқали келган юклар туширилади ва уларни ташиш учун мўлжалланган баржаларга ортилади, кейин юклар Термиз портидан Амударё бўйлаб, дарё транспортида биринчи рақамли Хайратон портига етказиб берилади. 

Биргина Афғонистон Ислом Республикасига ҳар ой ўртача 25 минг тонна юк ташилади. Термиз дарё порти божхона назорати зонаси бўлиб, 6 та ёпиқ турдаги омборхоналари бор, у бир вақтнинг ўзида 30 минг тоннагача юкни саклашга имкониятига эга. Шу билан бир қаторда, Термиз Дарё порти очиқ майдонида бир вақтнинг ўзида 3 мингга яқин 20 ва 40 футли контейнерларни сақлашга имконияти бор. Бугунги кунда буларнинг барчаси маҳсулотларнинг экспорт-импорти ҳамда транзит мақсадларига хизмат қилишга сафарбар этилган.

Мутахассисларнинг фикрича, Сурхондарё вилоятининг иқлими қулайлиги ва тупроғи унумдорлиги боис қишлоқ хўжалиги соҳасида бир йилда уч маротабагача ҳосил етиштириш мумкин. Бу воҳада аграр тармоқни жадал ривожлантиришда улкан имконият мавжудлигидан далолат беради. Шулардан келиб чиқиб, ҳудудда етиштирилган маҳсулотларни хорижга экспорт қилишга қаратилган қатор истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

 

Гавҳар Махмудхонова, 

Рустам Норқулов,

Сурхондарё вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси

Поделиться