Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Тошкент» Республика фонд биржаси савдолари айланмаси 3,1 млрд. сўмга тенг бўлди
2018-03-27 | Иқтисодиёт
2018 йилнинг 23 - 24 март кунлари «Тошкент» Республика фонд биржаси савдоларида 14 та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 27 та битим қайд қилиниб, 2,5 млн. дона акция 3,1 млрд. сўмга сотилди. Таҳлиллар жами савдо айланмасининг 92,9 фоизи тижорат банклари ва 5,2 фоизи суғурта компанияларининг қимматли қоғозлари билан амалга оширилган битимлардан иборат бўлганини кўрсатди.
Энг йирик битим 24 март санасида асосий секцияда «Равнақ-банк» ХАТБнинг 2,0 млн. дона акцияси билан 2,0 млрд. сўм миқдорида тузилди. Бир дона акциянинг сотув нархи 1 000 сўмни ташкил қилди.
Битимлар сони бўйича етакчиликни ўтган ҳафтада «Алском» СК АЖ эгаллаган ҳолда, унинг 95,6 минг дона акцияси билан 162,6 млн. сўмлик 5 та битим амалга оширилди.
Қимматли қоғозлар билан ўртача кунлик савдо айланмаси ҳисобот даврида 1,56 млрд. сўмни, ўртача битим қиймати эса 115,6 млн. сўмни ташкил этди. Шу билан бирга, ушбу даврда сотилган бир дона акциянинг ўртача нарх кўрсаткичи 1 258 сўмдан иборат бўлди.
Қимматли қоғозларнинг номинал нархига нисбатан юқори даражадаги фарқ «Олмалиқ КМК» АЖ акциялари билан тузилган савдо битимларида кузатилди. Бунда номинал қиймати 3 914 сўм бўлган жамият акцияларининг савдо кунидаги биржа нархи 7 793,28 сўмни ташкил этди.
Ҳафта давомида савдо айланмаси ҳажми юқори бўлган эмитентларни «Равнақ-банк» ХАТБ (ҳафталик савдо айланмасининг – 64,0 фоизи), «Универсал банк» ХАТБ (16,3 фоиз), «Туронбанк» АТБ (12,5 фоиз) ва «Алском» СК АЖ (5,2 фоиз) ташкил этди. Савдо айланмасининг 98,1 фоизи улар ҳиссасини ташкил этди.
Ўтган ҳафтада инвесторлар тоифасига кўра биржа савдоларида жисмоний шахслар фаоллиги кузатилиб, тузилган умумий битимлар ҳажмининг – 95,2 фоизи, битимлар сонининг эса – 88,8 фоизи айнан улар ҳиссасига тўғри келди.
Шунингдек, ўтган ҳафтада фонд биржасида республикамизнинг 6 та ҳудудида жойлашган листинг компаниялари қимматли қоғозлари билан савдо битимлари имзоланди. Биржа битимларининг энг юқори ҳажми Тошкент шаҳри (81,8 фоиз) ва Фарғона вилоятидаги (16,3 фоиз) акциядорлик жамиятлари ҳисобига тўғри келди.
Фонд биржасида йил бошидан буён 35,5 млрд. сўмлик 614 та савдо битими қайд қилинди. Ушбу даврда биржа савдоларида 52 та акциядорлик жамиятининг 154,3 млн. дона қимматли қоғозлари сотилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги