Ўзбекистон Афғонистон муаммоларини ҳал қилишда халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга интилмоқда
«Кабар» Қирғизистон миллий ахборот агентлиги директори Қувончбек Таабалдиев бу борада ўз фикрларини шундай баён этди: — Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида, аввало, қўшни давлатлар билан муносабатларни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратмоқда. Кейинги пайтда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги шериклик алоқалари фаоллашаётгани бунинг ёрқин далилидир. Жумладан, Қирғизистон Республикаси билан ҳамкорлик янги мазмун билан бойиб бормоқда.
Бугунги Тошкент халқаро конференцияси ҳам бундай илиқ муносабатнинг яна бир ёрқин далилидир. Ўзбекистон афғон заминида тинчлик ўрнатилишидан энг кўп манфаатдор давлат ҳисобланади. Бугун Ўзбeкистон қўшни мамлакатда узоқ муддатли барқарорлик ва тинчлик сақланишининг қатъий тарафдори сифатида Афғонистонга нисбатан анъанавий тарзда яxши қўшничилик ва дўстона сиёсат юритаётганини кузатиш мумкин.
Ўзбекистоннинг афғон муаммоси юзасидан тутган тинчликпарвар позициясини Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг қатор чиқишларида, хусусан, 2017 йилнинг сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида батафсил баён қилган эди.
Ўзбекистон афғон муаммосини ҳал қилиш юзасидан ташаббусларини нафақат сўзда, балки ўзининг амалий саъй-ҳаракатлари орқали ҳам намоён этишга ҳаракат қилмоқда. Баъзи давлатлардан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон ўз эътиборини Афғонистондаги ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга қаратиб, бу борада халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга интилмоқда. Бугунги анжуманга йирик давлатларнинг бош вазирлари, турли лавозимдаги раҳбарлари таклиф этилгани ҳам буни яққол акс эттирмоқда.
Ўзбекистон том маънода Марказий Осиёдаги стратегик давлатга айланмоқда. Қўшнилар билан яқин ҳамкорлик қилиш, дўстона алоқаларни ривожлантириш жуда катта таҳсинга лойиқ.
Сайёра Шоева, ЎзА