Пойтахтимизда ёшлар ўртасида қиличбозлик бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилди.
Чемпионатда ёшлар қиличбозликнинг рапира, шамшир ва қилич йўналишларида ўзаро рақобатлашди.
Мусобақанинг ўғил болалар ўртасида ўтган қилич йўналишидаги беллашувларда Бобиржон Расулов, Шерзод Мамутов, Бобур Шагаев ва Алишер Галиев шоҳсупага кўтарилган бўлса, қизлар ўртасида Чарос Тоғаймуродова, Севинч Исмоилова, Дилноза Абдиева ҳамда Айсулу Уснатдинова ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой эгаллади.
Мазкур йўналишнинг жамоавий баҳсларида Тошкентнинг биринчи жамоаси ўғил болалар ўртасида биринчи бўлди. Қорақалпоғистонлик қизларнинг биринчи жамоаси эса ҳеч кимга имконият қолдирмади.
Рапирада, Бунет Абдураззоқов, Аҳмадилло Солихожиев, Радмир Семенеев, Фаҳриддин Абдуманнонов совринли ўринларни қўлга киритди. Шунингдек, қизлар ўртасидаги баҳсларда Мадинабону Парпиева, Умида Илёсова, Саидахон Ғозиева, Лолита Зиядхожаева олтин, кумуш ва бронза медалини қўлга киритди.
Жамоавий баҳсларда андижонлик ва тошкентлик ўғил қизларга тенг келадигани топилмади.
Чемпионатда шамшир бўйича беллашган Нодирбек Мўминов, Санжар Алимов, Алишер Қўзиев ва Эмиль Кагиров ғолиб ва совриндор бўлган бўлса, Маржона Зубайдуллаева, Юлдуз Усмонова
Ойдин Абдулазизова ҳамда Барчиной Болтаева шоҳсупанинг уч поғонасига кўтарилди.
Жамоалар ўртасида Андижон-1 ҳамда Бухоро жамоалари биринчи ўринни қўлга киритди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
Манба: ЎзА