Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон маданияти ва сайёҳлик салоҳияти Германияда намойиш этилди
2018-03-26 | Туризм
Яқинда Германиянинг Фрайбург шаҳрида Наврўз байрамига бағишланган тадбир ўтказилди.
Ўзбекистоннинг Франкфуртдаги бош консулхонаси ва Олмон-ўзбек илмий жамияти (ОЎИЖ) ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда ушбу давлат сиёсий, иқтисодий ва академик доиралари вакиллари ўзбек халқининг бой маданияти, тарихи, урф-одатлари ҳамда республикамизда турли соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва мамлакатимиз сайёҳлик салоҳияти билан яқиндан танишдилар.
Маълумот учун: Олмон-ўзбек илмий жамияти 2002 йилда Германиянинг Фрайбург шаҳрида ташкил этилиб, унда немис ва ўзбек илмий доиралари, олий ўқув юртлари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилари ҳамда жамоатчилик вакиллари мунтазам иштирок этиб келмоқда. Жамият ҳар йили турли илмий ва амалий тадбирлар ташкил этади, шунингдек, кўплаб лойиҳаларни ҳам амалга ошириб келади. Немис ва ўзбек тиллари, маданиятлари, тарихи бўйича профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар ўртасидаги алмашинувга кўмаклашади. Жамият раиси Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети профессори Хуррам Рахимовдир.
Тадбир чоғида Олмон-ўзбек илмий жамияти раиси Х.Рахимов иштирокчиларни мамлакатимизда сўнгги йилларда таълим ва илм-фан соҳасига қаратилаётган юксак эътибор, шу жумладан, ёшларнинг халқаро меъёрлар асосида билим олишлари учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар, турли йўналишларда олиб борилаётган тадқиқот ва илмий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан батафсил таништирди. Шунингдек, жамият кўмагида немис тилига таржима қилинган ва Германияда чоп этилган “Ўзбек халқ эртаклари” ҳамда “Бобурнома” (янги таҳрирда) асарларини ҳам намойиш қилди.
Ўзбекистон маданияти ва сайёҳлик салоҳиятига оид тарқатма материаллар, юртимизда чоп этиладиган газета ва журналлар, шунингдек, немис тилига ўгирилган турли ўзбек асарлари ҳам меҳмонлар эътиборига ҳавола қилинди.
Тадбир иштирокчилари турли концерт дастурлар ва тақдимотларни ўз ичига олган мазкур кеча якуни бўйича ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Investment-Trade-Marketing GmbH компанияси бош директори Дирк Троендле:
- Мен Ўзбекистонда бўлганман. Мамлакатни доимий равишда кузатиб боришим шуни кўрсатадики, сўнгги пайтларда юртингизда жуда кўп ўзгаришлар юз беряпти, кўплаб соҳаларда ривожланиш рўй бермоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар мени ҳайратга солди. Ишончим комилки, мазкур ишлар қисқа вақт мобайнида нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари учун кутилган ижобий натижаларни беради.
Биз мамлакат ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз ва уни модернизациялашда ёнма-ён турамиз ҳамда ушбу йўналишда барча зарур чора-тадбирларни амалга оширамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқи ва раҳбариятини баҳор байрами – Наврўзи айём билан қутлайман. Юртингизга тинчлик ва фаровонлик, келгусида бунданда улкан муваффақиятлар тилаб қоламан!
Тарихчи, этнограф ва эртакчи олима Габриэле Келлер:
- 20 йилдан буён ўзбек халқининг маданияти, миллий урф-одатлари ва анъаналари билан боғлиқ эртаклар, ҳикоялар, топишмоқ ҳамда латифаларни тўплайман, уларни ўрганаман.
Бугун ажойиб баҳор байрамини нишонлаяпмиз. Ушбу кун Ўзбекистонда кенг ва турли маданий тантаналар билан нишонланиши биз, немисларда, Наврўзга нисбатан бўлган қизиқишни доимо орттириб келган.
Бугун Фрайбургда ташкил этилган кеча, бунинг учун Ўзбекистондан келган мусиқа гуруҳи ва ёзилган дастурхонлар, улардаги миллий таомлар сўзимизнинг ёрқин тасдиғи бўла олади.
Айтиш жоизки, бу каби тадбирлар германияликларнинг мамлакат сайёҳлик салоҳияти, ўзбек халқининг маданияти, тарихи ва меҳмондўстлиги ҳақида янада кўпроқ маълумотларга эга бўлиш ҳамда немис жамоатчилиги ва мен каби олимлар диққатини Ўзбекистонга жалб этишга хизмат қилади.
Ўзбекистон халқини энг гўзал ва бетакрор байрам – Наврўзи айём билан табриклайман. Уларга узоқ умр ва сиҳат-саломатлик тилайман. Ҳар кунингиз Наврўздек бўлсин!
Германияда истиқомат қилувчи ватандош Турсуной Рахмонова:
- Бугунги ташкил этилган тантанада ўз ватанимиздан келган юртдошларимизни кўриб, улар билан суҳбатлашиб ва байрамни бирга нишонлаб, жуда хурсанд бўлдик.
Оиламиз билан 20 йилдан буён Германияда яшаб, мазкур давлат урф-одатларига мослашган бўлсак-да, фарзандларимизга имкон қадар ўз миллий анъаналаримизни ўргатишга, Наврўз каби байрамларимиз ҳақида батафсил маълумот беришга ҳаракат қиламиз. Бугунги тадбир фарзандларимизга маданиятимиз, тарихимизми амалда кўрсатишга имкон яратди. Бундан миннатдорман!
Шу фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини Наврўз айёми билан чин дилдан муборакбод этаман. Тинчлик, хотиржамлик ва фаровонлик доимо ҳамроҳингиз бўлсин! Бу каби тадбирлар мунтазам равишда ташкил этилиб туришини истаб қоламиз.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги