Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Инновацион ғоялар–ишлаб чиқаришга

2018-03-26 | Жамият

“Қўқон механика заводи” акциядорлик жамиятида янги турдаги маҳсулотлар – қишлоқ хўжалиги, фермер, боғбон ва деҳқон хўжаликлари, шахсий томорқа ер эгалари, паррандачилик, балиқчилик ҳамда чорвачилик тармоқлари учун замонавий технологиялар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Айни пайтда жамиятда нефть ва газ саноати учун 40 турдан ортиқ эҳтиёт қисмлар, ностандарт ускуналар, ўндан ортиқ босим остида ишловчи сиғимлар, хўжалик газ баллони, иситиш қозонлари тайёрланмоқда. Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйиш борасидаги амалий ишлар бу ерда ҳам ўз самарасини бераётир. Жамиятни замонавий дастгоҳлар ва ускуналар билан жиҳозлаш орқали янги имкониятлар очилди, иш унумдорлиги ортиб, рақобатбардош, сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга замин яратилди. Модернизация дастурлари асосида кейинги йилларда ишлаб чиқариш ҳажми 60-65 баробарга, ишчи-хизматчилар сони деярли уч баробарга кўпайди. Ҳозир акциядорлик жамиятида 800 нафардан ортиқ ишчи-хизматчи меҳнат қилиб, уларнинг қарийб 60 фоизини ёшлар ташкил этади. Ўтган йилда бу ерда 80 миллиард сўмликдан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. 

Бу ерга ўрнатилган асбоб-ускуналарнинг аксарияти нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Масалан, қозон пайвандлаш цехида Германия технологияси асосида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ўзининг сифати ва дизайни билан харидорларга манзур бўлмоқда. Муқобил иситиш қозонлари, юқори босимга чидамли газ сиғими идишлари, газ баллонлари илгари хориждан келтирилар эди. Ўтган йиллар давомида мутахассислар изланишлар олиб бориб, мазкур маҳсулотларни шу ернинг ўзида тайёрлаш йўлга қўйилди. 

Ўтган йилда акциядорлик жамиятининг яқин истиқбол билан боғлиқ бизнес-режалари асосида илгари четдан келтирилган нефть ва газ соҳасида зарур бўлган 4 турдаги маҳсулот маҳаллийлаштирилди. Шунингдек, қишлоқ хўжалигида зараркунанда ҳашарот ва касалликларга қарши курашишда фойдаланиладиган қурилма ва жиҳозлар, паррандачилик соҳасида товуқ катаклари, садок усулида балиқ боқиш имконини берувчи қафаслар, чорвачилик ва балиқчиликда омухта ем тайёрлаш жиҳозлари, дала экинлари ва шахсий томорқа ерларига кимёвий ишлов бериш мосламалари ишлаб чиқариш жорий этилди. 

– Жорий йилда 10 дан зиёд инновацион ғояни ҳаётга татбиқ этиш орқали ўн турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришга жорий этиш режалаштирилмоқда, – дейди “Қўқон механика заводи” акциядорлик жамияти раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шарифжон Юлдашев. – Ўтган йили қўшни Қирғизистонга 40 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинган эди. Бу йил мазкур давлатга экспорт ҳажмини 300 минг долларга етказиш чоралари кўриляпти. Ҳозирги кунда маҳсулотларимизни Тожикистонга экспорт қилиш бўйича ҳам ўзаро келишув ишлари олиб борилмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, жамиятда эскирган технологияларни босқичма-босқич янгилаш натижасида замонавий фаолият кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Инновацион ғояларни ишлаб чиқариш жараёнига кенг татбиқ этиш мақсадида илмий марказлар ва иқтисодчи олимлар билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилди. Инвестициявий жозибадорлик яхшиланиб бораётгани, валюта маблағларини эркин айирбошлаш имконияти, кичик саноат зоналарини ташкил этиш учун имтиёзлар корхонанинг иқтисодий салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

 

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат) ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться