Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Афғонистон Марказий Осиё минтақаси доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва шерикчилик марказида
2018-03-24 | Сиёсат
Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси ҳақидаги ташаббусни илгари сурар экан, Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича минтақа давлатларини ўзаро ҳамкорликка даъват этиш баробарида, барча учун ўзаро манфаатли бўладиган минтақанинг савдо-иқтисодий, транспорт-логистик имкониятларидан унумли фойдаланишни таклиф этмоқда.
Албатта, изоляцияда бўлиш, интеграцион жараёнларни рад этишдан ҳеч ким манфаат топмаган. Шу нуқтаи назардан, кейинги бир ярим йил мобайнида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Марказий Осиё минтақаси давлатлари билан олиб борилаётган яқин қўшнилик, қардошлик алоқаларидаги янгича ёндашувларни бутун дунё эътироф этмоқда, десак асло муболаға бўлмайди.
Давлатимиз раҳбари минтақа мамлакатлари, дунёдаги етакчи давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида Афғонистон атрофида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни муҳокама қилиш таклифини илгари сурар экан, музокаралар давомида жафокаш афғон халқига кўмак ва ёрдам беришнинг истиқболлари ҳамда ушбу жараёнда ҳар бир давлатнинг иштироки ва ўрнига катта аҳамият бериш орқали афғон муаммосини бартараф этиш йўлида ўзига хос ёндашувни намоён қилди.
Ўзбекистон бир неча йиллар давомида нотинч бўлиб келаётган Афғонистон билан бевосита чегарадошлиги туфайли афғон муаммосининг ижобий ҳал этилишидан манфаатдордир. Чунки қўшни афғон заминида можароли вазият сақланаётган бир вақтда барқарорликни таъминлаш ва осойишталикка эришиш муаммоли бўлиб қолаверади. Президентимиз айтганидек: “Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли – марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб боришдир”.
Давлатимиз раҳбарининг афғон заминида сиёсий маслаҳатлашувлар орқали тинчлик ва барқарорликка эришиш бўйича таклифлари билан бир қаторда мамлакатнинг қарийб қирқ йиллик уруш ва можаро туфайли буткул вайрон бўлган иқтисодини қайта тиклаш ҳамда афғон халқининг издан чиққан турмуш тарзини ўнглаш борасидаги ёндашуви ҳам таҳсинга лойиқдир. Бу борада гап кетганда, қўшни мамлакатнинг иқтисодий аҳволи, имкониятлари ва салоҳияти хусусида фикр билдириш мақсадга мувофиқ бўлади.
Чет эллик етакчи компания ва ташкилотларнинг Афғонистонда олиб борган тадқиқотларида афғон замини 3 триллион АҚШ доллари миқдоридаги мис, кўмир, темирнинг йирик конлари, шунингдек, олтин, кумуш, литий, платина, рух, никель, турли қимматбаҳо безак тошлари (зумрад, ложувард, ёқут, лаъл, турмалин), хромит (таркибида хром ва темир бўлган минерал), ош тузи ҳамда бир қатор радиоактив элементларнинг ўрта ва кичик ҳажмдаги жами 400 дан ортиқ конига эга эканлиги маълум қилинади.
Шунингдек, Афғонистонда кенг кўламли қайта тиклаш ишларини олиб боришда электр энергиясига эҳтиёж сезилиши табиийдир. Айни пайтда Афғонистон ўзининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўла равишда импорт ҳисобига қондириб келмоқда. Хусусан, Ўзбекистондан Афғонистонга Термиз – Мозори Шариф ва Ҳайратон – Пули Хумри – Кобул электр узатиш линиялари орқали мамлакатимиздан қўшни давлатга ҳар йили ўртача 1,6-1,8 миллиард КВт/с электр энергияси етказиб берилмоқда.
Афғонистонда арзон ва экологик жиҳатдан табиатга зарар келтирмайдиган электр энергиясини олиш усули – гидроэлектростанция (ГЭС)лар орқали катта ҳажмдаги электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Келгусида мамлакатнинг 23 ГВт қувватдаги гидроэнергетик салоҳиятидан унумли фойданиш, хусусан, тегишли лойиҳа-ўрганиш ишларини олиб бориш ва шу асосда йирик, ўрта ва кичик ГЭСларнинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш, барпо этиш орқали Афғонистонни электр энергияси билан таъминлаш истиқболли йўналишлар сирасига киради.
Афғонистон тоғ-кон саноатида 2017 йилда 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқ миқдорда даромад олиш имконияти мавжуд бўлса, 2025 йилга бориб ушбу кўрсаткич 3 миллиард АҚШ долларигача етиши мумкин.
Халқаро меҳнат ташкилотининг маълумотига кўра, тоғ-кон саноати афғон иқтисодиётини кўтаришга хизмат қиладиган асосий тармоқ бўлиши мумкин. Айнан тоғ-кон саноатида минглаб ишчи ўринлари яратиш ва даромад олиш имконияти мавжуд. Бироқ мазкур соҳага дастлаб йирик инвестициялар киритиш талаб қилинади.
Афғонистонни қайта тиклаш ва афғон халқига кўмак бериш ҳақида сўз юритганда, мамлакатимиздан қўшни афғон заминига электр энергияси, қора металлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар, йўл қурилиши техникаси, қурилиш материаллари, мебель, буғдой ва ун маҳсулотлари, алкоголсиз ичимликлар ҳамда кўплаб турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилаётганини айтиш жоиздир.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикасининг Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш бўйича таклиф ва ташаббуси, шунингдек, ушбу мамлакатдаги қайта тиклаш жараёнларидаги амалий ёрдам ва саъй-ҳаракатлари ўзининг фақат ижобий характерга эгалиги билан ажралиб туради.
Ўзбекистон Афғонистон бўйича олий даражада йирик анжуманга мезбонлик қилар экан, уни бир марталик тадбир сифатида ўтказиш билан чекланиб қолмай, келгусида ҳам икки ва кўп томонлама муносабатлар доирасида Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасидаги сиёсий жараёнга кўмаклашишга ўз ҳиссасини қўшишда давом этади.
Президентимиз айтганидек, бу жафокаш юртда тинчлик ўрнатишга кўмаклашиш йўлидаги бизнинг умумий қатъий ҳаракатларимиз асло сусаймаслиги лозим.
Манба: ЎзА