Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Испаниянинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлиги истиқболлари муҳокама этилди
2018-03-24 | Иқтисодиёт
Мамлакатимиз компанияларининг вакиллари аграр, озиқ-овқат саноати, чорвачилик ва қишлоқ хўжалиги сайёҳлиги соҳаларидаги ўзаро ҳамкорлик истиқболларини ўрганиш мақсадида Испанияда бўлдилар.
Ушбу сафар чоғида мамлакатимизнинг Мадриддаги элчихонаси томонидан Испаниянинг “EuroCapra” компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистон – Испания амалий семинари ташкил этилди. Мазкур тадбир қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик жабҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик салоҳияти ва унинг истиқболларига бағишланди.
Испаниянинг йигирмага яқин йирик компанияси раҳбарлари ва вакиллари иштирокида бўлиб ўтган ушбу семинар чоғида Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти тақдим этилди. Тадбир қатнашчилари мазкур тақдимот воситасида мамлакатимизнинг табиий афзалликлари ҳамда савдо-иқтисодий ва сармоявий шерикликни ривожлантириш учун яратилаётган қулайликлар билан яқиндан танишдилар.
-Бу семинар Ўзбекистонда кечаётган иқтисодий модернизациялаш ва ислоҳотлар жараёнлари, бизнес юритиш, шу жумладан, чет эл капитали ва технологиялари асосида ўзаро ҳамкорлик учун яратилган шароитлар ҳақидаги маълумотларни “биринчи қўлдан” олиш имконини берди, - деди Кастилия-Ла-Манча минтақаси ҳукуматининг Ташқи муносабатлар агентлиги бўлими бошлиғи Виолета Лупашку. – Ўзбекистонда иқтисодий ривожланишнинг янги стратегияси амалга оширилаётгани, хусусий секторнинг ташқи бозорларга чиқиш учун интилаётгани, сармоялар ҳамда ноу-хауни жалб этиш учун қулай шароитлар яратилаётгани биз учун қувонарли ҳолдир.
Кастилия-Ла-Манча минтақаси агросаноат жабҳасида фаолият кўрсатадиган ўзбек компанияларига ўзаро ҳамкорлик учун катта истиқболларни таклиф этиши мумкин. Биз бугун бу борадаги ўзаро манфаатли шерикликни ривожлантириш мақсадида ҳар икки томонга манфаат келтирадиган қатор йўналишлардаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдик.
Ўз навбатида, “JHuete International” компанияси менежери Хаверь Уете Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш бўйича янги ва катта эътиборга сазовор бўлган давлат дастурларининг ҳаётга тадбиқ этилишини Испанияда жиддий қизиқиш билан кузатиб боришаётганини маълум қилди.
-“JHuete International” замонавий иссиқхоналарни лойиҳалаштириш ва қуришга ихтисослашган Европанинг етакчи компанияларидан бири ҳисобланади, - деди у. – Мамлакатларимиз қўшма истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш борасида улкан салоҳиятга эга. Ўзаро ҳамкорлик бу йўналишда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш имконини беради. Ҳозирги пайтда биз Ўзбекистон бозорини батафсил ўрганиш билан бирга Испания технологиялари асосида замонавий иссиқхоналар барпо этиш юзасидан қўшма корхона тузиш имкониятини кўзда тутадиган бизнес лойиҳаларимизни тайёрлаяпмиз.
Мухтасар қилиб айтганда, Мадридда бўлиб ўтган ушбу тадбир икки мамлакатнинг тадбиркорлик субъектларига пишлоқ, йогурт сингари ва бошқа сут маҳсулотлари, чорва озуқалари, қўшма корхоналар тузиш йўли билан бошқа турли озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, замонавий иссиқхоналарда мева-сабзавот етиштириш, биогаз ускуналари ўрнатиш каби йўналишларда ўзаро кооперацияни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама этиш учун яхши имкониятни яратди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги