Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Лоян ва Бухоро биродар шаҳарлари вакилларининг туризмни ривожлантириш масаласида учрашуви ўтказилди
2018-03-24 | Туризм
Хитойнинг Лоян провинцияси туризмни ривожлантириш корпорацияси директорининг доимий ўринбосари Чжао Цин ва бошқариш котиби Хэ Цзян бошчилигидаги делегация жорий йилнинг 10 март куни Бухоро вилоятига ташриф буюрди.
Ташриф давомида меҳмонлар билан икки шаҳар ўртасида туризмни ривожлантириш мақсадида ҳамкорликни янада кучайтириш ва ўзаро манфаатли шерикчиликни йўлга қўйиш мақсадида 11 март куни Бухоро давлат университетида Хитой делегацияси билан вилоятнинг йирик туристик агентликлари ва ҳамкор ташкилотлари вакиллари ўртасида учрашув ташкил этилди.
Тадбирда хорижий давлатлардан ташриф буюрадиган туристларнинг виза олиш жараёнини енгиллаштирилганлиги ва бу масалаларда тизимли иш ташкил қилишга доир таклифлар муҳокама қилинди. Шунингдек, учрашувда меҳмонхоналар ва ресторанлар қуриш, Лоян ва Бухоро шаҳри оралиғида тўғридан – тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш ва иккала шаҳар туристик агентликларнинг юзма-юз учрашувларини ташкил этиб бориш ҳамда Лояндаги туристик агентликлар учун инфо турларни амалга ошириш каби масалалар бўйича фикр мулоҳазалар билдирилди.
Учрашув савол-жавобларга бой ва кўтарингки кайфиятда давом эттирилиб, икки томонлама ҳамкорлик шартномаларини имзолаш бўйича келишувларга эришилди.
Шу билан биргаликда, Хитойлик ҳамкорларнинг Бухоро шаҳрига саёҳати ташкил этилиб, мутахассислар томонидан уларга қадимий тарихимиз, бетакрор архитектура ёдгорликлари ва улуғ аждодларимизнинг дунё илм-фани, маърифати ва маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида сўзлаб берилди.
Лоян шаҳри делегация Бухорога ташрифидан катта тассурот олиб мамнун бўлганликлари ва ҳудуднинг юксак туристик салоҳиятини яна бир бор эътироф этишларини билдиришди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги