Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Хитой билан матбаа соҳасида ҳамкорлик қилади
2018-03-24 | Жамият
Яқинда Хитой Халқ Республикасининг Гуанчжоу шаҳрида “Матбаа технологиялар ва ускуналар” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги масъул ходимлари ва мутахассислари ҳам иштирок этди.
Ушбу ҳалқаро кўргазма мамлакатимизда матбаа саноатини янада ривожлантириш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш ҳамда жаҳон мамлакатларининг мазкур соҳадаги илғор тажрибасини ўрганиб, инновацион технологияларни ишлаб чиқариш жарёнига кенг татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.
Кўргазма доирасида агентлик масъул ходимлари ва мутахассислари Хитойнинг Матбаачилар ассоциацияси бош котиби жаноб Жув ҳамда Қадоқлаш технологиялари ассоциациясининг бош котиби Ли хоним билан учрашув ўтказди. Учрашувда Хитойнинг илғор технологияларини Ўзбекистонга олиб кириш ва соҳага инвестиция киритиш масалалари муҳокама қилинди. Муҳокама жараёнида ушбу хитойлик ташкилотлар вакиллари ва йирик ишлаб чиқарувчи корхоналар раҳбарлари инвестиция киритиш йўл-қўриқларини ўрганиш мақсадида мамлакатимизга ташриф буюришини маълум қилди.
Шунингдек, ўзбекистонлик кўргазма иштирокчилари Гуанчжоуда жойлашган энг йирик “Hengyuan Printing” матбаа компаниясида бўлиб, унинг фаолияти, ишлаб чиқариш жараёни ҳамда технологиялар билан яқиндан танишди.
Муҳими, бу каби учрашувлар сабаб Ўзбекистон ҳамда Хитой ўртасида матбаачилик соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш борасида қатор келишувларга эришилди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
Манба: ЎзА