Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши тасарруфидаги Учқўрғон туман ўқув спорт-техника клубида янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди.
– Мазкур ўқув биносининг қурилиши ҳам бу борада олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалдаги ифодасидир, – дейди Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Н.Мулабоев. – Икки қаватли бинода 8 ўқув, замонавий автотренажёр ва якуний имтиҳон олиш хоналари мавжуд. Ҳар бир ўқув хонасида 25 нафар ўқувчининг ҳайдовчилик касби бўйича билим олиши учун барча зарур шароитлар яратилган. Жумладан, синфхоналари компьютер, видеоплейер, телевизор, “Smart board M-600” русумли интерактив анимацион доска каби замонавий ахборот коммуникация воситалари билан таъминланган.
Синфхоналарининг “Нексия” автомобилининг қирқимли макети, енгил ва юк автомобилларининг ишчи механизмлари, светофор ҳамда шаҳар макетлари, автомобиль қисмлари кўргазмаси, йўл ҳаракати хавфсизлиги белгилари сингари ўқув-амалий кўргазмали қуроллар билан жиҳозлангани ўқувчиларнинг назарий билимини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Ҳар бир ўқувчи ҳайдовчилик маҳорати бўйича олган сабоғини автотренажёр машғулотларида мустаҳкамлайди.
Маросим иштирокчилари янги ўқув биносида яратилган шароитлар билан танишди. Ўқув спорт техника клубларининг автоспорт, багги, картинг, мотоцикл, авиамодель, кемамодель, ракетамодель, хона авиамодели бўйича кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.
Акрамжон Сатторов, ЎзА мухбири
Манба: ЎзА