Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ёнғин хавфсизлиги институтининг халқаро ҳамкорлик алоқаларида янги саҳифа очилди
2018-03-23 | Жамият
Ички ишлар органлари, хусусан Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати учун юксак маънавиятли, ватанпарвар, эл-юртга садоқатли, ҳалоллик билан хизмат қиладиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институтининг асосий вазифаси ҳисобланади.
Кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишда хорижий турдош таълим муассасаларида тўпланган илғор тажрибаларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва ўқув жараёнига тадбиқ этиш муҳим шартлардан бири саналади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 майдаги “Ёнғин хавфсизлиги соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ Вазирлик Ёнғин хавфсизлиги институтида Россия, Хитой, Япония, Корея ва бошқа хорижий мамлакатларнинг турдош олий таълим муассасалари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ўрнатиш ва ривожлантириш борасидаги ишлар тизимли равишда амалга оширилиб келинаётганлиги бугунги кунга келиб ўз самарасини бермоқда.
Бу борада Россия Федерацияси Фавқулотда вазиятлар вазирлиги Давлат ёнғинга қарши хизмати Академияси (Москва шаҳри) ҳамда Ёнғинга қарши мудофаа Россия илмий-тадқиқот институти (Москва вилояти) билан ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилмоқда.
Бунинг самараси ўлароқ Институт бошлиғи генерал-майор А.Ҳ.Қўлдошев бошчилигидаги делегация Россия Федерация ДЁҚХ Академиясида бўлиб ўтаётган «Ёнғин ўчириш: муаммолар, технологиялар ва инновациялар» мавзусидаги VI халқаро илмий-амалий анжуманда иштирок этмоқдалар.
20 март куни илмий-амалий конференциянинг очилишига бағишланган ялпи мажлис бўлиб ўтди. Унда Институт бошлиғи генерал-майор А.Ҳ.Қўлдошев “Кадрлар тайёрлаш – профессионаллик асоси” мавзусида маъруза қилди. Шунингдек, делегациямиз вакиллари конференцияда иштирок этаётган соҳа мутахассислари билан ўзаро фикр алмашдилар ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш йўналишида яратилган фан-техника ютуқлари кўргазмасида иштирок этдилар.
Ташрифнинг кейинги кунларида ДЁҚХ Академияси ҳамда Илмий-тадқиқот институтларининг фаолияти билан танишиш, ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш ҳамда ҳар икки муассаса билан ўзаро англашув меморандумларини имзолаш режалаштирилган. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институти делегациянинг Россия Федерациясига ташрифи давом этмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги