Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Навоий” КМК нинг Сурхондарёдаги иккинчи замонавий лойиҳаси
2018-03-23 | Иқтисодиёт
Сурхондарё вилояти Термиз туманидаги Қўнғирот маҳалласида замонавий паррандачилик мажмуаси фойдаланишга топширилди.
Навоий кон-металлургия комбинати томонидан барпо этилган мажмуанинг очилиш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла оқсоқоллари ва ёшлар иштирок этди.
Бир йилда 10 миллион дона тухум ва 120 тонна пархезбоп парранда гўшти ишлаб чиқариш қувватига эга мажмуада 66 киши иш билан таъминланди. Уларнинг аксарияти ёшлардир. Мажмуа тўла қувват билан ишга тушгач, 105 киши доимий иш ўрнига эга бўлади.
Замонавий хориж ускуналари билан жиҳозланган мажмуада бир йўла 36 минг жўжа ва 30 минг товуқ парваришланади.
Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида фойдаланишга топширилган корхонани чиқитсиз технология асосида ишлатиш мўлжалланаётир. Шу мақсадда биогаз ишлаб чиқариш ускуналари ўрнатилди. Бу ерда парранда гўнгидан олинган биогаздан мажмуанинг ўзида фойдаланилади. Ундан ажралиб чиққан чиқинди табиий ўғит сифатида ишлатилади. Товуқ паридан юмшоқ ёстиқ тайёрлаш йўлга қўйилади.
Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА