Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан ўтказилган семинар Ўзбекистон Республикасининг янги қабул қилинган Иқтисодий процессуал кодекси, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси ва янги таҳрирдаги Фуқаролик процессуал кодекси, шунингдек, Жиноят процессуал кодекси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятига бағишланди.
Тадбирда Олий суд ва вилоят судлари судьялари, вилоят прокуратураси, адлия, адвокатлар палатаси, савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий ва вилоят ички ишлар бошқармалари, тадбиркорлар ҳамда фуқаролар иштирок этди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, уларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш устувор вазифа сифатида белгилаб олинган. Шунга мувофиқ суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар соҳага оид қонунчилик асосларини янада мустаҳкамлаб, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини оширмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан 2017 йил 1 июндан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судининг фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилгани суд тизимини бошқаришдаги бир-бирини такрорловчи функцияларни бартараф этиб, ягона суд амалиётини шакллантиришда муҳим омил бўлди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари тегишли иқтисодий судлар этиб ўзгартирилди. Туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ташкил этилиб, чекка ва олис ҳудудлардаги ҳўжалик юритувчи субъектларнинг қонуний манфаатларини ифода этишда янги тизим яратилди.
Анжуманда таъкидланганидек, жорий йилнинг биринчи апрелидан кучга кирадиган янги қабул қилинган кодексларда мавжуд бўшлиқлар тўлдирилиб, амалдаги нормалар замон талабларига мос такомиллаштирилган. Жумладан, янги таҳрирдаги Фуқаролик процессуал кодекси фуқаролик суди иши юритувини мукаммал тартибга солиб, мавжуд ҳуқуқий бўшлиқларга барҳам берган, янги боблар билан бойитилган. Шунингдек, биринчи инстанция судларида сансоларликка чек қўйиш мақсадида аризани ҳаракатсиз қолдириш институти тугатилиб, унинг ўрнига аризани қайтариш институти киритилган. Фуқароларнинг ортиқча вақти ва маблағини тежаш мақсадида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш белгилаб қўйилган.
Семинарда янги Иқтисодий процессуал кодексининг амалдаги Хўжалик процессуал кодексидан фарқли жиҳатлари атрофлича таҳлил қилингани иштирокчиларда катта қизиқиш ўйғотди.
– Янги кодексда тарафлар ўртасидаги муносабатларни сақлаб қолишга шарт-шароит яратиш кўзда тутилиб, уларни ўзаро келиштириш билан боғлиқ ҳуқуқий механизм такомиллаштирилиб, келишув битимига оид янги боб киритилгани айни муддао бўлган, – дейди Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси тадбиркорларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш сектори мудири Ш.Холбўтаев. – Апелляция ва кассация инстанцияси судларининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва биринчи инстанция судига янгидан кўриш учун қайтариб юбориш бўйича ваколатлари қайта кўриб чиқилиб, иш юзасидан узил-кесил қарор қабул қилиш тартиби жорий этилгани эътиборга моликдир. Назорат инстанциясида иш юритиш тартибини белгиловчи нормалар тубдан қайта кўриб чиқилиб, назорат инстанциясида ишлар нафақат Олий суд раиси, Бош прокурор ва ўринбосарларининг протести, балки тарафларнинг назорат шикояти асосида кўриб чиқилиши белгилангани ҳам муҳим янгилик бўлган. Буларнинг барчаси тадбиркорлар ҳуқуқи ва уларнинг қонуний манфаатларини мустаҳкам ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси бир тарафдан давлат органлари ва (ёки) уларнинг мансабдор шахслари ҳамда бошқа тарафдан жисмоний ва (ёки) юридик шахслар, ташкилотлар ўртасидаги оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича иш юритиш тартиби, шунингдек, бошқа оммавий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича ишлар юритилишини тартибга солгани билан аҳамиятлидир.
Жиноят процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар ҳам одил судловни оғишмай амалга оширишга хизмат қилади.
Анжуманда мазкур кодексларни амалиётга жорий этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири
Манба: ЎзА