Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

“Бир дарча” фаолиятига доир масалалар муҳокама қилинди

2018-03-17 | Жамият

Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар сифатида экспорт операцияларини «бир дарча» тамойили бўйича амалга ошириш механизми амалиётда қўлланилиб келаётганлиги барчага маълум.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 ноябрдаги 305-сонли қарорига асосан фаолият кўрсатаётган мазкур тизим ҳозирги кунда Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг “Термиз” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида ҳам ишлаб турибди. Аммо ““Бир дарча” механизмининг ишлаш самараси қандай бўлмоқда, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширилишида бу енгилликдан қай даражада фойдаланилмоқда?” каби саволлар “Термиз” ташқи иқтисодий божхона постида ўтказилган навбатдаги йиғилишнинг кун тартибидаги асосий масала сифатида кўриб чиқилди.

Тадбирда Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти, мазкур мавзуга алоқадор ташкилот вакиллари ҳамда тадбиркорлик субъектлари иштирок этдилар.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 ноябрдаги “Ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3351-сонли қарорининг 5-бандида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, ветеринария давлат қўмитаси, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги ва “Ўзбекэкспертиза” акциядорлик жамияти экспорт-импорт операцияларини амалга оширишни тезлаштириш, мақсадида берилган сертификатлар ва рухсат бериш тусидаги ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар “Ягона дарча” унификациялаштирилган божхона ахборот тизимига ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда киритилишини таъминлаш белгиланган.

 
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Т.Саидов тадбирда таъкидлаганидек, айни дамда “бир дарча” маркази фаолияти қониқарсиз ташкиллаштирилган. Ахборот технологиялари ривожланган бир пайтда, сертификат органлари томонидан тегишли сертификат ва рухсат бериш тусидаги ҳужжатларни расмийлаштириш учун тадбиркорлик субъектларидан ҳужжатларнинг қоғоз нусхалари талаб қилинаётганлиги салбий кўриниш сифатида баҳоланиб, бу каби ҳаракатларнинг олди олинишида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар хусусида қатъий келишиб олинди. 
 
“Термиз” ТИФ божхона пости ҳудудидаги “Termez Cargo Centre” халқаро логистика маркази фаолиятини янада ривожлантириш, экспорт ишларини жадаллаштириш учун “бир дарча” маркази фаолиятини тўлиқ қайта шакллантириш ҳамда уни йўлга қўйиш, ҳужжатлар алмашинувини реал вақт режимида электрон тарзда амалга ошириш ишларига асосий эътибор қаратилди. Юқоридаги ишларнинг тез ва сифатли ташкил этилиши ўз навбатида тадбиркорлик субъектлари ва ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг ҳам вақт, ҳам пул маблағларининг тежаб, улар томонидан давлат хизматларига бўлган ишончнинг ортишига хизмат қилади. 
 
 Шунингдек, қизғин муҳокамаларга бой тарзда ўтган мазкур тадбирда иштирокчилар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга атрофлича жавоб олдилар. Масалан, “Фаровон Агро Инвест” МЧЖ ишончли вакили А.Азимов ўз саволида экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда тегишли сертификат ва рухсат бериш тусидаги ҳужжатларни расмийлаштиришда тўланиши лозим бўлган тўловлар тўғрисидаги маълумотлар қаерда аниқ кўрсатилганлиги ҳамда муаммоли ҳолатларда кимга мурожаат қилиниши юзасидан берган саволига сертификатлаштириш идоралари раҳбарияти томонидан шу куннинг ўзида тегишлилиги бўйича юқори турувчи идоралар томонидан тасдиқланган прейскурант ҳамда “Ишонч телефонлари”ни “бир дарча” марказининг ҳамма кўра олиши мумкин бўлган ҳудудда жойлаштирилиши таъминланди.
 
“AGRO-EXPORT TRADING” МЧЖ ишончли вакили Ш.Ялкаповнинг таъкидлашича, экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда товарларни синов таҳлилларидан ўтказиш учун, аксарият ҳолларда, Тошкент шаҳрига мурожаат қилинаётганлиги, бу эса тадбиркорлик субъектлари ва ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг қўшимча вақт ва пул маблағларининг сарф бўлишига олиб келаётганлигини айтиб ўтиб ўтди.

Мутасаддилар бунга жавобан айни вақтда вилоятда товарларни синов таҳлилларидан ўтказишга мўлжалланган лаборатория ҳақиқатдан ҳам мавжуд эмаслигини, ушбу камчиликни бартараф этиш ва “Termez Cargo Centre” халқаро логистика маркази фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида “бир дарча” маркази негизида экспресс-лаборатория ташкил этилиши юзасидан вилоят ҳокимлиги ва юқори турувчи идораларга таклиф юборилганлиги ҳамда ушбу йўналишдаги ишлар давом эттирилаётганлигини билдирдилар. 

Бундан ташқари, “Жануб Нур Замин” МЧЖ брокерлик фирмаси раҳбари Х.Садаев “ягона дарча” унификациялаштирилган божхона ахборот тизимига маълумотларни киритиш қандай амалга оширилади, деган саволига божхона назоратини ташкил этиш бўлими бошлиғи Ш.Бобоев томонидан тўлиқ тушунтириш берилди ва “Ягона дарча” унификациялаштирилган божхона ахборот тизимида маълумотлар билан ишлаш тартиби кўрсатилди. 

Шу куннинг ўзида, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан тегишли сертификат ва рухсат бериш тусидаги ҳужжатлар учун аризанинг ягона электрон шакли расмийлаштирилиб, сертификат идораларига электрон тарзда юборилди. Ўз навбатида, сертификат идоралари ходимлари ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига электрон тарзда сертификатлар ва рухсат бериш тусидаги ҳужжатларни расмийлаштириб беришди.

 

Сардор Амонов

Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси

Божхона лабораторияси гуруҳи катта инспектори

Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси

Поделиться