Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Масъулиятсиз тиббиёт ходимларига кескин чоралар кўрилмоқда

2018-03-17 | Соғлиқни сақлаш

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарияти томонидан тизимдаги даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари ва ходимларига нисбатан талабчанлик тобора кучайтирилмоқда. 

Зеро, инсон омили олий қадрият, манфаати устувор мамлакатимизда эл-юрт саломатлиги посбонларининг хизмат бурчига масъулиятсизлиги кенг кўламда олиб борилаётган ислоҳотларга салбий таъсир кўрсатиши, фуқароларнинг ўринли эътирози ва ишончсизлигига сабаб бўлиши муқаррар. 

– Соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида тизимнинг моддий-техник базаси ҳар жиҳатдан мустаҳкамланмоқда, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов. – Бугун давлат секторида ҳам, хусусий секторда ҳам диагностика ва даволаш ишларига энг замонавий тиббиёт техника ва технологиялари жорий этилмоқда. Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга давлат бюджетидан жуда катта маблағ ажратилмоқда. Бироқ, юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиш, тиббий хизмат самарадорлигини ошириш учун фақат муҳташам бинолар, қимматбаҳо аппаратураларнинг ўзи кифоя қилмайди. Бу ўринда соҳа ходимлари, яъни олий маълумотли шифокордан тортиб ўрта бўғин тиббиёт персоналининг билими, малакаси, тажрибаси, энг асосийси, ўз касбига меҳри, фидойилиги ҳал қилувчи омил ҳисобланади. 

Бошқарма ахборот хизмати маълумотига кўра, жорий йилнинг дастлабки ойларида вилоят бўйича ўз вазифасига нолойиқ 30 га яқин тиббиёт ходими ишдан бўшатилиб, улар ўрнига ташаббускор ва ташкилотчи, билимдон ва юқори малакали мутахассислар тайинланди. 

Жумладан, Косонсой тумани тиббиёт бирлашмасининг раҳбарияти тўла таркиб билан, яъни бирлашма бошлиғи Б.Холдоров, унинг ўринбосари Р.Абдуллаев, координатор М.Тошматов, марказий поликлиника мудири М.Каримова, поликлиника бош фельдшери А.Абдуллаев ўз вазифасига совуққонлик билан қарагани учун вазифасидан озод этилди. 

Шунингдек, Наманган тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси мудири Н.Қосимова, шу тумандаги 14-қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири Н.Ирисова, Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли “Шоҳидон” қишлоқ врачлик пункти мудири З.Хушматова, Норин тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 18-қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири Г.Шамсутдиновага нисбатан ҳам шундай чора қўлланилди. 

Оналик ва болалик муҳофазасига доир вазифаларни бажаришдаги масъулиятсизлиги, берилган топшириқлар ижросига беписандлик билан муносабатда бўлганлиги натижасида туманда болалар ва гўдаклар ўлими кўрсаткичлари ортиб кетишига йўл қўйганлиги учун Тўрақўрғон ва Мингбулоқ туманлари тиббиёт бирлашмалари бошлиқларининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосарлари З.Зокирова ҳамда О.Қўлдошев, Поп тумани тиббиёт бирлашмаси туғруқхона бўлими мудири Ш.Латифова, туғруқ бўлими акушер-гинекологи М.Эгамбердиева ва навбатчи ҳамшираси Г.Нурматова ҳам вазифасидан бўшатилди. 

Шунингдек, бирламчи тизимда қониқарсиз иш ташкил этаётган шифокор ва ҳамширалар билан ҳам муросасозлик муҳитига барҳам берилмоқда. Улар йўл қўяётган камчиликларни тузатиш билан бирга, ўзларига нисбатан тегишли ташкилий ва интизомий чоралар кўриб борилмоқда. Жумладан, Чуст туманидаги 44, 45, 46-қишлоқ оилавий поликлиникаси мудирлари А.Турғунов, М.Халилова, Ҳ.Лутфиллаевга ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида жарима солинди. Янгиқўрғон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 58-қишлоқ врачлик пункти мудири М.Турсунбоевага, Наманган шаҳридаги кўп тармоқли марказий поликлиниканинг акушер-гинекологи М.Якуббоевага, 1, 10, 13-оилавий поликлиникалари умумий амалиёт шифокорлари Ш.Ортиқбоев, В.Саломов, Н.Мавлонова, М.Нишонова, А.Сиддиқова, М.Ибрагимов, Учқўрғон тумани тиббиёт бирлашмасининг 39-қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири М.Зайниддиновага хайфсан берилди. 

Президентимизнинг соҳа фаолиятини такомиллаштиришга доир тегишли қарор ва фармонларининг изчил бажарилишини таъминлаш, пировардида тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириб бориш йўлида кўрилаётган бундай чора-тадбирлар кутилган натижани бериши шубҳасиз. 

 

Акромжон Сатторов, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться