Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Марказий Осиё давлат раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашуви

2018-03-16 | Сиёсат

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 март куни Остона шаҳрида ўтган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашувида иштирок этди.

Остона шаҳридаги Оқўрда қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев кутиб олди. 

Дастлаб икки давлат раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар. Ўзаро ҳамкорликни изчил ривожлантириш, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш масалалари ва томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилди. 

Шавкат Мирзиёев мамлакатларимиз ўртасидаги яхши қўшнилик ва ҳамкорлик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганини қайд этди. 

– Кейинги йилларда икки мамлакат ўртасидаги алоқалар жадал равнақ топаяпти. Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард АҚШ долларига етгани муносабатларнинг қандай юксак суръатда ривожланаётганини кўрсатади. Мазкур кўрсаткични 5 миллиард АҚШ долларига етказиш йўлидаги ҳаракатларимиз ҳам яқин вақтларда ўз самарасини беради, – деди Ўзбекистон Президенти. 

Нурсултон Назарбоев Шавкат Мирзиёевни Қозоғистонга ташрифи билан қутлаб, бу икки давлат ўртасидаги мулоқотларнинг мантиқий давоми, томонларни қизиқтирган масалаларни муҳокама этиш учун қулай имконият эканини таъкидлади. 

– Сизнинг ташаббусингиз билан ташкил этилган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашуви минтақа мамлакатларининг барча соҳалардаги ҳамкорлигида муҳим ўрин тутади. Ўтган икки йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида эришилган келишувлар тарихий аҳамият касб этади. Биз бир дарёдан сув ичадиган қўшнилармиз. Шундай экан, давлатларимиз ўртасида ҳал этилмаган масала бўлмаслиги керак, – деди Қозоғистон раҳбари. – Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, Ўзбекистонда олиб бораётган оқилона сиёсатингиз бугун бутун минтақага ижобий таъсир кўрсатмоқда. 

Сўнгги икки йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари фаоллашди. Икки давлат раҳбарлари шу давр ичида олти бора турли даражадаги ташрифларни амалга оширди. Халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида учрашувлар бўлиб ўтди. Бундан ташқари, турли воқеалар муносабати билан телефон орқали мулоқотлар ва мурожаатномалар алмашуви ташкил этилди. 

2017 йилнинг март ойида имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва аҳил қўшниликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги Қўшма декларация ҳамда турли даражадаги 212 та ҳужжат ўзаро алоқаларнинг шартномавий-ҳуқуқий заминини сезиларли даражада мустаҳкамлади. 

Бу ўзаро савдо ҳажми ва турининг изчил ортишида, энергетика ва машинасозлик тармоқларида муҳим инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бошланганида, автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспорти соҳасидаги ҳамкорлик кенгайганида кузатилмоқда. 

Икки давлат ўртасида товар айирбошлаш ҳажми барқарор ўсиб бормоқда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилаётир. Транспорт қатнови соҳасида амалий ҳамкорлик сезиларли даражада кенгайиб, минтақалар ўртасида шериклик мустаҳкамланмоқда, Ўзбекистон ва Қозоғистонда маданий-гуманитар тадбирлар ўтказилмоқда. 

Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари икки томонлама муносабатларни ривожлантириш масалалари ҳамда томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашди. 

Шундан сўнг Марказий Осиё давлат раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашуви бошланди. 

Маълумки, давлатимиз раҳбари 2017 йилнинг 10 ноябрь куни БМТ шафелигида Самарқанд шаҳрида ўтган "Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик" мавзусидаги халқаро конференцияда мазкур учрашувни ўтказиш таклифини илгари сурган эди. Ўшанда бу ташаббусни минтақадаги барча давлатлар ва халқаро ташкилотлар қўллаб-қувватлаган ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев биринчи учрашувни Остонада ўтказишни таклиф қилганди. 

Олий даражадаги учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Республикаси Мажлиси раиси Акжа Нурбердиева иштирок этди. 

Учрашувни Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев очди. 

Саммитда минтақа мамлакатлари ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, терроризм, диний экстремизм, наркотик моддалар ва қурол-яроғ контрабандасига қарши биргаликда курашиш, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. 

Таъкидландики, Марказий Осиё нафақат географик ва геосиёсий, балки қадриятлари муштарак ягона маданий макондир. Шу нуқтаи назардан мамлакатларимиз ўртасида минтақалараро ҳамкорлик масаласига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Бу Марказий Осиёда барқарор ривожланишни таъминлаган ҳолда, мамлакатларимиз ҳудудларининг саноат, инвестиция ва интеллектуал соҳалардаги салоҳиятини тўла ишга солиш имконини беради. 

Давлат раҳбарлари МДҲ, ШҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа нуфузли халқаро тузилмалар механизмлари доирасида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлигини қайд этди. Учрашувда минтақа мамлакатлари ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир кенг кўламли масалалар кўриб чиқилди. 

Марказий Осиё мамлакатлари халқларини кўп минг йиллик қардошлик ва яхши қўшнилик ришталари боғлаб туради. Тарих, дин, умумий маданият ва анъаналар бирлаштиради. Минтақамизда дунё тамаддуни ривожига улкан таъсир кўрсатган ноёб маданият ва тараққиёт мавжуд бўлиб, бу Марказий Осиё мамлакатларининг умумий келажаги, барқарор ривожланиши ва фаровонлигини таъминлашда мустаҳкам пойдевор бўла олади. 

Кейинги йилларда минтақа давлатлари яхши қўшнилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойиллари асосида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳаларда, хавфсизлик ва барқарорлик масалаларида ўз салоҳиятини намоён этмоқда. Марказий Осиёни барқарор, иқтисодий ривожланган ва юксак тараққий этган минтақага айлантириш йўлида собитқадам бўлмоқда. Давлатлар умумминтақа манфаатларидан келиб чиқиб чегара, сувдан фойдаланиш, транспорт ва савдо сингари ўткир масалаларга самарали ечим топмоқда. 

Жумладан, бир неча йиллардан буён муаммоли масала сифатида қараб келинган Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон давлат чегараларининг туташган нуқтаси ҳудуди ҳақида шартнома имзоланди. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўз чегараларининг 85 фоизи юзасидан келишувга эришди. Транспорт соҳасидаги ҳамкорлик борган сари кенгаймоқда. Тожикистон билан тўғридан-тўғри авиа, темир йўл ва автомобиль қатнови тикланди. Амударёдан ўтадиган Туркманобод – Фороб янги темир ва автомобиль йўллари кўприклари ишга туширилди. Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой темир йўли қурилиши бўйича келишувга эришилди. 

Ўзбекистон томонининг ташаббуси билан минтақа мамлакатлари ишбилармон доиралари ҳамда етакчи корхоналари вакиллари иштирокида кўплаб учрашувлар ўтказилди. Бу иқтисодий алоқаларни сезиларли равишда фаоллаштириш ва ўзаро савдо ҳажмини ошириш имконини берди. Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари билан товар айланмаси ўртача 20-30 фоизга ўсди. 

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан умумий чегарага эга. Мамлакатимиз тараққиётининг чегараларимиз хавфсизлигидан сув ресурсларини оқилона тақсимлашгача бўлган барча муҳим ҳаётий масалаларини ҳал этиш минтақа давлатлари билан муносабатларимизга бевосита боғлиқ. Транспорт-коммуникация ва энергетика соҳаларидаги йирик минтақавий лойиҳаларни қўшни мамлакатлар билан фаол ҳамкорлик қилмасдан, уларнинг юксак даражада интеграциялашувини таъминламасдан амалга ошириб бўлмайди. 

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. 

Давлатимиз раҳбари минтақавий ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришда Марказий Осиё давлатларининг савдо-иқтисодий алоқаларини ривожлантириш, бу борада мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш, умумминтақавий муаммоларга биргаликда ечим топиш мақсадида Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувини доимий ўтказиш эндиликда анъанага айланиши кераклигини таъкидлади. 

Хавфсизлик масалалари муҳокама қилинар экан, бугунги кунда минтақанинг барча мамлакатлари терроризм, диний экстремизм, трансмиллий жиноятчилик ва наркотрафик таҳдидларига дуч келаётгани қайд этилди. 

Афғонистонда ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани тиклаш, унинг минтақавий иқтисодий жараёнларга қўшилишига ҳар томонлама кўмаклашиш, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар иштирокида ушбу мамлакат ёшларининг турли террористик ва экстремистик тузилмалар таъсирига тушиб қолишига йўл қўймаслик бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди. 

Таъкидландики, давлат чегараларини делимитация қилиш борасидаги масалаларни ҳал этиш бўйича изчил йўлга қўйилган ва биргаликда чуқур ўйлаб амалга ошираётган ишларни давом эттириш зарур. 

Минтақада сув ресурсларидан адолатли фойдаланиш масаласи иштирокчиларнинг диққат марказида бўлди. 

Орол денгизининг экологик ҳалокати юзасидан минтақавий ва халқаро даражада саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ушбу муаммога қарши муносиб чора кўришнинг асосий омили эканлиги таъкидланди. 

Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида инновацион фаолият йўналишида ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, давлатлар ўртасида экспорт-импорт масаласида бир-бирини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам фикрлашилди. 

Минтақа мамлакатлари ўртасида маданий-гуманитар алоқалар, дўстлик ва яхши қўшнилик муносабатларини мустаҳкамлаш масаласи ҳам кун тартибидан ўрин олди. Бу Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликни жадаллаштиришнинг асосий шартларидан бири сифатида эътироф этилди. Маданий-гуманитар мулоқотни изчил давом эттириш, мамлакатлар ўртасида маданият кунлари ва турли маданий тадбирларни ташкил этиш, таълим ва сайёҳлик соҳасидаги алмашувларни ривожлантириш лозимлиги қайд этилди. 

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашуви самарали ўтгани, бу каби учрашувлар ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади. 

Марказий Осиё давлат раҳбарларининг кейинги маслаҳат учрашувини 2019 йил Наврўз байрами арафасида Тошкентда ўтказишга келишиб олинди. 

Ўзбекистон минтақа мамлакатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш тарафдори. Сўнгги икки йилда давлатимиз раҳбари Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга бориб, ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадамларни қўйди. Биргина Қозоғистон билан икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард АҚШ долларига чиқаришга муваффақ бўлинди. Томонлар 2020 йилда мазкур кўрсаткични 5 миллиард АҚШ долларига етказишни режалаштирган. 

Ўзбекистонда қозоғистонлик инвесторлар иштирокида 260 та корхона фаолияти йўлга қўйилган бўлса, қўшни давлатда юртимиз ишбилармонлари иштирокида 105 та бизнес субъекти фаолият олиб бормоқда. 2017 йил Остона ва Тошкент шаҳарларида бўлиб ўтган бизнес-форумлар натижаси бўйича умумий қиймати 1,2 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги келишувларга эришилди. Сиёсий жабҳадаги мулоқотлар ривожи иқтисодий алоқаларни янада жадаллаштириш учун қулай муҳит яратади. Бу нафақат савдо айланмаси ва сармоялар ҳажмини кенгайтиришга хизмат қилади, балки маданий-гуманитар алоқалар ривожини ҳам кафолатлайди. 

Ўтган йилнинг сентябрь ойида икки давлат раҳбарлари 2018 йилда Қозоғистонда Ўзбекистон йили ҳамда 2019 йилда Ўзбекистонда Қозоғистон йилини ўтказишга келишиб олган эди. 

Қозоғистон Республикаси 2018 йилни мамлакатда Ўзбекистон йили деб эълон қилди. Бу қозоқ эли ва Қозоғистон давлатининг ўзбек халқига ҳурмати, юртимизга юксак эҳтироми рамзидир. 

Шу муносабат билан “Остона опера” театрида тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Президентлари ва Марказий Осиё давлатлари делегациялари аъзолари, дипломатик корпус вакиллари, хорижлик фахрий меҳмонлар иштирок этди. 

Маросимда Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев нутқ сўзладилар. Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари мазкур йирик тадбир икки халқ ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнашини таъкидладилар. 

Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев икки томонлама муносабатларни ривожлантириш йўлидаги улкан хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни биринчи даражали “Дўстлик” ордени билан мукофотлади. 

Қозоғистон Республикасида Ўзбекистон йили очиқ, деб эълон қилинди. 

Ўзбек санъат усталарининг чиқишлари йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади. 

Қозоғистонда Ўзбекистон йили доирасида маданий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашувлар, фестиваллар ўтказиш, Қозоғистон маданият аҳлининг Ўзбекистонга ташрифлари амалга оширилиши мўлжалланган. 

Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикасига ташрифи ниҳоясига етди. Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувида муҳокама этилган масалалар минтақанинг ҳали ишга солинмаган ноёб имкониятлар ва улкан салоҳиятга эга экани, бу ерда тараққиёт, барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш – мазкур давлатлар тўлиқ эриша оладиган муштарак муваффақият эканидан далолат бермоқда. 
 

Абу Бакир Ўрозов,
ЎзА махсус мухбири.
Тошкент – Остона –Тошкент

Манба: ЎзА

Поделиться