Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон–Туркия ҳамкорликнинг янги босқичида
2018-03-15 | Жамият
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Туркия Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш Агентлиги вице-президенти Сурайо Ер ва ТIKАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Али Ихсан Чаглар билан учрашув бўлиб ўтди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири А.Хаитов вазирлик тизим ходимлардан 25 нафари ТIKА билан ҳамкорликда ташкиллаштирилган Туркия Меҳнат ва ижтимоий муҳофаза вазирлиги тасарруфий ташкилотларида малакасини оширишга қўшган ҳиссасини юқори баҳолади ва алоҳида эътироф этди.
Шунингдек, учрашувда ТIKА билан ҳамкорликда юртимизда банд бўлмаган аҳолини касб - ҳунарга ўқитиш тизимида амалга оширилиши назарда тутилган устувор вазифалар юзасидан фикрлар алмашилди. ТИКА томонидан Ўзбекистон Республикасида талаб юқори бўлган соҳалар бўйича касб – ҳунарга ўқитиш тизимини йўлга қўйиш юзасидан таклиф берилди.
Жумладан, ТИКА раҳбарияти Республикамизнинг Фарғона водийсида ҳудуд эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, касб – ҳунарга ўқитиш марказларини очиш, айниқса талаб юқори бўлган тикувчилик, автомобилсозлик, машинасозлик, пайвандлаш ва бошқа шу каби йўналишларда касб – ҳунарга ўқитиш тизимини яратиш фикрини билдирди.
Касб-ҳунарни ўргатишда Туркия Республикасидан малакали кадрларни жалб қилиб, таълим сифатини ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Шунингдек, ўқув курсини муваффақиятли тамомлаган малакали касб эгаларига ўз меҳнат фаолиятини бошлашда керакли жиҳоз ва анжомлар билан таъминлаб берилишини алоҳида таъкидлаб ўтишди. Ушбу тизим аввало Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ишга туширилиши ва кейинчалик Республикамизнинг қолган барча вилоятларида ҳам худди шундай марказлар очиш режалари илгари сурилди.
Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда ТIKА билан ҳамкорликда амалга оширилиши кўзда тутилган истиқболли режалар мухокама қилинди ва асосий устувор йўналишлар белгилаб олинди.
Музокаралар якунида томонлар ўзларини қизиқтирган фикрлар билан алмашиб, келгусидаги истиқболли режалар ҳақида таклиф билдирдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги