Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Президенти Наврўз арафасида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларининг ўзаро келиб кетишлари тўғрисидаги битимни тасдиқлади
2018-03-15 | Сиёсат
2018 йилнинг 14 март куни Ўзбекистон томони ички давлат процедураларини якунлади – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 9 март куни Душанбе шаҳрида имзоланган Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларининг ўзаро келиб кетишлари тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни тасдиқлади.
Ёрқин баҳор байрами Наврўз арафасида икки мамлакат аҳолисига қулай шарт-шароит яратиш мақсадида Тожикистон Республикаси фуқароларига ушбу Битимни расман кучга киришига қадар вақтинчалик қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
2018 йил 16 мартдан эътиборан Тожикистон Республикаси фуқаролари амалдаги сафар ҳужжатлари (дипломатик, хизмат ва хорижга чиқиш умумий фуқаролик паспорти) билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида визасиз (30 кунгача) бўлишлари мумкин.
Битимнинг кучга кириш санаси ва Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Тожикистон Республикасида бўлишига нисбатан қўлланиши тўғрисидаги маълумот қўшимча тарзда эълон қилинади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги