Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қонун лойиҳалари депутатлар муҳокамасида
2018-03-15 | Жамият
Парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Депутатлар томонидан иккинчи ўқишга ҳавола этилаётган “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш, ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди.
Ушбу лойиҳадан асосий мақсад зиддиятлар, ноаниқликларни бартараф этиш, қонунларнинг тўғри ижро этилишини таъминловчи, уларнинг қўлланилишини енгиллаштирувчи норма ва қоидаларни ўзаро мувофиқлаштириш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини оширишга қаратилган.
Партия сайловолди дастурида ишлатиладиган энергия ҳажмини камайтириш, қатъий тежаш тартиби, ишлаб чиқариш харажатлари ва маҳсулот таннархини камайтириш, қайта тикланадиган ноанъанавий энергия манбаларидан фойдаланишни асослаш механизмларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш, энергиянинг мавжуд барча муқобил турларини комплекс равишда ривожлантириш орқали рақобатли энергетика бозорини ташкил этишни рағбатлантириш масалалари белгиланган.
Шундан келиб чиқиб, “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 275- ва 290-моддаларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар эътибор марказида бўлди. Қонун лойиҳасида турар жойларда муқобил электр энергия манбаларидан фойдаланадиган жисмоний шахсларга мол-мулк ва ер солиқларидан озод қилиш шаклидаги имтиёзлар бериш кўзда тутилмоқда.
Автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, сақлаш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни такомиллаштириш мақсадида таклиф этилаётган “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси мамлакатимиз минтақаларидаги ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланишни таъминлаш, транспорт ва йўл инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.
Йиғилишда, шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 338-моддасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳақида сўз юритилди. Мазкур қонун лойиҳаси нотариал идораларга мурожаат қилувчиларга кўрсатиладиган давлат хизматларини янада соддалаштириш, уларга кенг қулайликлар яратиш ҳамда ушбу соҳада аҳолининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун давлат божи ундиришда аниқ миқдорлар белгиланади.
Йиғилишда муҳокама этилган қонун лойиҳалари бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.
Манба: ЎзА