Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тошкентда I халқаро матбаа форуми бошланди

2018-03-15 | Технологиялар

"Инновацион технологияларнинг янги қирралари" I халқаро матбаа форуми Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, “А2 Digital” масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида ташкил этилди.

Унда АҚШ, Россия, Германия, Исроил, шунингдек, Марказий Осиё давлатларидаги етакчи матбаа корхоналарининг, жумладан, дунёга машҳур “HP”, “VIP Systems ESKO”, “Scodix” каби компанияларнинг вакиллари иштирок этмоқда.
 
– Ўзбекистонда ташкил этилган нуфузли форумда қатнашаётганимиздан мамнунмиз. У матбаа соҳасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва инновацион ғоя ва технологияларни жорий этиш, ўзаро тажриба алмашишда аҳамиятлидир, – дейди “HP” компанияси вакили Саймон Льюис (Исроил). – Бугун дунё шиддат билан рақамли ва компьютерлаштирилган тизимга ўтаётган бир жараёнда матбаа соҳасини янада ривожлантириш, такомиллаштириш муҳим. Зеро, ушбу соҳа барча жабҳалар билан бевосита иш олиб боради.
 
Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги матбаа соҳасида инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни кенг жорий этиш, хизматлар соҳасини тубдан такомиллаштириш, шу орқали маҳсулотларнинг сифати, рақобатбардошлигини ошириш, бу борада давлат корхоналари билан бир қаторда, хусусий сектор фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
 
Агентлик тизимидаги “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида Марказий Осиёда ягона бўлган Германиянинг “KBA” компаниясида ишлаб чиқарилган 8 бўёқли чоп этиш ускунаси, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида “Heidelberg” компаниясининг Speedmaster офсет усулида чоп этиш ускунаси ва бошқа бир қанча иш жараёнларини бошқаришда қулайлик яратадиган замонавий асбоб-ускуналар ўрнатилди.
 
Матбаа соҳасига қаратилаётган эътибор натижасида ушбу соҳа фаолиятига замонавий техника ва технологиялар жорий қилинмоқда. Ёшларимиз, айниқса, ўқувчиларимиз 3D форматли, интеграл муқовали, шунингдек, “гапирадиган” китоблар, “гапирадиган” дафтарларнинг беқиёс имкониятларидан унумли фойдаланмоқда.
 
“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни изчил рўёбга чиқариш, матбаа саноатини янада ривожлантириш, ушбу соҳада халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда хорижий тажрибани ўрганиш орқали инновацион технологияларни жорий қилиш мақсадида ташкил этилган форумда юртимиздаги матбаа корхоналари раҳбарлари ва ходимлари мазкур йўналишдаги илғор хорижий тажриба, ижодий ғоя ва ишланмалар билан танишиш имкониятига эга бўляпти.
 
Хорижлик мутахассислар Ўзбекистонда матбаа соҳасини янги поғонага кўтариш, хусусан, матбаа корхоналари фаолиятини янада ривожлантириш билан боғлиқ зарур тавсия ва тажрибаси билан ўртоқлашмоқда.
 
Форум доирасида хорижлик меҳмонлар “Ўзбекистон” ва Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйлари ҳамда “А2 Digital” МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишади. Ўзбекистонда матбаа соҳасига татбиқ этилган инновацион технологиялар ва эришилган натижалар, соҳанинг истиқболдаги ривожланиш тенденциялари хусусида назарий ва амалий мулоқотлар, тақдимотлар ва учрашувлар ташкил этилади.

 

Байрам Айтмуродов, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться