Google компанияси вакиллари Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига ташриф буюриб, қўшма ўқув дастурлари ташкил қилиш ва стартапларни қўллаб-қувватлаш орқали ахборот технологиялари соҳасида мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувда юртимизда “Google I/O”, “Women Techmakers”, “DevFest” “Google Launchpad Accelerator” каби турли ихтисослашган тадбирларни ўтказиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Google компанияси вакиллари мамлакатимиз дастурчилари билан ҳамкорликни ривожлантиришга оид режалар ҳақида сўзлади. Жумладан, яқинда Ўзбекистонда ахборот технологиялари соҳасидаги таълимни янада ривожлантириш ва юртимизда Google компанияси ишланмаларини илгари суриш бўйича турли тадбирлар ўтказувчи “Tashkent GDG” гуруҳи ташкил этилгани таъкидланди.
Роман Бондарчук, ЎзА мухбири
Манба: ЎзА