Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Шартномалар ҳажми 500 миллион доллардан ошди

2018-03-14 | Иқтисодиёт

Тожикистоннинг пойтахти Душанбе шаҳридаги "Манеж" спорт мажмуасида ўзбек маҳсулотларининг кўргазмаси муваффақиятли давом этмоқда. 9-13 март кунлари юртимиз тадбиркорлари қўшни давлатга маҳсулот етказиб бериш борасида тузган шартномалари ҳажми 500 миллион доллардан ошди.

Қайд этиш жоизки, ушбу кўргазма Ўзбекистон-Тожикистон давлат раҳбарларининг савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, сармояларни жалб қилиш, қўшма корхоналарни ташкил қилиш, икки томонлама товар айирбошлаш кўрсаткичларини кўтаришга қаратилган саъй-ҳаракатлари натижасидир.
 
Кўргазмада Ўзбекистоннинг 100 дан ортиқ корхонаси техника, қурилиш материаллари, электротехника, кимё ва минерал ўғитлар, фармацевтика, озиқ-овқат, енгил саноат ва чарм маҳсулотлар, мебель ҳамда маиший маҳсулотларни намойиш этмоқда.
 
Кўргазма доирасида Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси билан Тожикистон кичик ва ўрта бизнес миллий уюшмаси ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Унга кўра, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган юқори сифатли маҳсулотларга қўшни давлатнинг бўлган талаби асосида ҳар йили мунтазам равишда 20 миллион долларлик экспортни амалга оширишга келишиб олинди.
 
- Биз таклиф қилган турли-туман дори воситаларига кўпчилик ташкилотлар қизиқиш билдирди,-дейди “Ника-Фарм” корхонасининг экспорт департаменти директори Зуҳра Бойхонова.-Кўргазма доирасида тожикистоннинг “Хушбахтиён” корхонаси билан 500 минг долларлик шартнома туздик. Албатта, бу битта ёки охиргиси эмас. Ярмарка доирасида келишувлар давом этмоқда. 
 
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан маълум қилишларича, жамғарманинг бевосита кўмагида икки давлат савдо-саноат палатаси томонидан «Ишбилармонлар кенгаши» ташкил этилган.
 
Ярмарка давомида икки давлат тадбиркорларни ўртасида кўплаб учрашувлар ва аҳдномалар тузилди. Хусусан, Тожикистондаги "Авиценна" корхонасига 1,5 миллион долларлик қурилиш материаллари, "Субхи Ватан" корхонасига 1 миллион долларлик болалар кийимлари, «Покиза» ва «Кишвар-2016» жамиятларига 2,8 миллион долларлик қандолат маҳсулотлари етказиб бериш борасида шартнома тузилди.
 
Қайд этиш жоизки, кўргазма давомида қўшни давлат вакиллари қишлоқ хўжалиги, енгил саноат ва озиқ-овқат саноати маҳсулотларига катта қизиқиш билдирмоқда. Тарафларнинг қизиқишлари асосида кўргазмани 18 мартга қадар давом эттиришга келишиб олинди.

 

Сайёра Шоева, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться