Наврўз кунлари наманганликлар ва вилоят меҳмонларига қандай маданий байрамона кайфият тортиқ қилинади?
Наврўз сайли Наманган шаҳрида 4 катта хиёбонда, жумладан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи, марказий фаввора хиёбони, “Ўзбекконцерт” давлат муассасасининг ёзги амфитеатрида бўлиб ўтади. Шунингдек, туманларда ҳам маданият ва истироҳат боғлари, стадион ва хиёбонлар, марказий майдонлар, маҳаллалар гузарлари каби жойларда байрамни муносиб сайл қилишга катта тайёргарлик ишлари кўрилмоқда. Халқ сайли тадбирларида вилоятдаги барча ансамбллар, фольклор, халқ цирки жамоалари, эстрада хонандалари жойларда эл-юртга хушкайфият улашади. Бундан ташқари, пойтахтдан келадиган таниқли адиб ва шоирлар, санъаткорлар, маънавият тарғиботчилари гуруҳи наманганликлар билан байрам шодликларини баҳам кўради.
Маданият ва истироҳат боғида Наврўз байрами тантаналари доирасида биринчи бор ташкил этиладиган “Сумалак сайли” туризм ва миллий қадриятлар фестивалида 5 тонналик сумалак тайёрланади. Айни пайтда баҳор таомини тайёрлаш учун кетадиган масаллиқлар тайёрланмоқда. Жумладан, 2 тонна буғдой бугун ивитиб, ундиришга қўйилди. Буғдойдан ташқари, сумалакни тайёрлаш учун 2 тонна ун, 1 тонна ёғ, 450 килограмм зоғора уни, 50 килограмм новвот ишлатилади. Ўтган йили 7 тонна палов дамланган машҳур ўчоқ-қозон “хизматда бўлади.” Сумалакни пиширишга бу борада катта тажрибага эга 25 нафар пазанда аёл жалб этилади.
Фестиваль моҳиятига кўра ўзида баҳорий янгиланишга хос байрам шукуҳи, ўзбек халқининг миллий қадриятлари эъзози, хайрияпарварлик, барчага шодлик улашиш каби хусусиятларни қамраб олган оммавий сайл сифатида намоён бўлади. “Сумалак сайли” туризм ва миллий қадриятлар фестивали давомида шаҳардаги кам таъминланган оилалар фарзандларининг никоҳ ҳамда хатна тўйлари ўтказилади.
Тадбир давомида турли концерт дастурлари, миллий халқ ўйинлари бўлиб ўтади, иштирокчилар баҳорий миллий таомлардан баҳраманд бўлишади.
Акромжон Сатторов, ЎзА мухбири
Манба: ЎзА