Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Адолат судда қарор топади
2018-03-14 | Жамият
Термизда “Ўзбекистонда тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг суд орқали ҳимоясини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Олий суд судьялари, масъул ходимлари, Сурхондарё вилояти прокуратураси, иқтисодий суди, адлия, божхона, солиқ бошқармалари, тижорат банклари, адвокатлар палатаси, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси вакиллари, тадбиркорлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Б.Исақов, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координаторининг катта маслаҳатчиси Ханс Ульрих Им, вилоят прокурори ўринбосари Ў.Юсупов ва бошқалар мамлакатимизда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари суд орқали ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар миллий иқтисодиётимизни янги босқичда ривожлантиришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасининг қонунчилик асослари янада такомиллаштирилиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судловга эришиш даражаси оширилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан 2017 йил 1 июндан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди. Соҳада юз берган бу янгиланиш суд тизимини бошқаришдаги бир-бирини такрорловчи функцияларни бартараф этиб, ягона суд амалиётини шакллантирди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари иқтисодий судлар қилиб ўзгартирилгани, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ташкил этилгани тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишда бир қатор қулайлик яратди.
– Иш бор жойда гоҳо низоларга сабаб бўлувчи ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Бу ҳаёт қонуни, – дейди Ангор туманидаги “Жозиба инвест” хусусий корхонаси раҳбари Исматулла Рўзиев. – Бундай вазиятга дуч келган тадбиркор, албатта, судга мурожаат этади. Авваллари хўжалик суди фақат вилоят даражасида фаолият юритиб, низоларни шу ернинг ўзида кўриб чиққан бўлса, эндиликда ташкил этилган туманлараро иқтисодий судлари даъво аризаларини бевосита ҳудуднинг ўзида кўриб чиқаётгани биз учун ҳам катта имтиёз яратди. Бу вилоят марказига қатнаш билан боғлиқ ортиқча харажатларга чек қўйиб, тадбиркорларнинг қимматли вақтини тежамоқда.
Айни пайтда Сурхондарё вилоятида бешта туманлараро ва Бойсун иқтисодий суди фаолият юритаётир.
– Ўтган йили вилоят, туман ҳамда туманлараро иқтисодий судларида 41 минг 827 иқтисодий иш мазмунан кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди, – дейди Сурхондарё вилояти иқтисодий суди раиси вазифасини бажарувчи И.Ҳакимов. – Ёки жами кўрилган ишларнинг 67,7 фоизи сайёр суд мажлисларида муҳокама этилди. Бунинг натижасида кўплаб тадбиркорларнинг даъво аризалари ҳудуднинг ўзидаги дастлабки суд инстанциясида қаноатлантирилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2017 йил 20 декабрдаги ўн учинчи ялпи мажлисида Иқтисодий процессуал кодекси маъқулланиб, жорий йилнинг январь ойида тасдиқлангани иқтисодий низоларни одилона кўриб чиқиб, ҳал этишда янги имкониятлар яратди. 2018 йил 1 апрелдан кучга кирадиган мазкур кодекс иқтисодий судларда ишларни юритиш тартибини такомиллаштириб, соҳадаги қонунчилик ва амалиётдаги айрим камчиликларга барҳам бераётгани билан аҳамиятлидир.
Мутахассисларнинг фикрича, амалдаги Хўжалик процессуал кодекси бундан 20 йил муқаддам қабул қилинган бўлиб, у бозор иқтисодиёти ва тадбиркорлик фаолиятининг ривожланиши билан хўжалик юритувчи субъектлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ифода этишда айрим муаммоларни кўндаланг қўяётган эди. Шунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи орқали ишлаб чиқилган Иқтисодий процессуал кодексини қабул қилиш зарурати юзага келди. Янги кодекс кенг жамоатчилик муҳокамаси асосида олимлар, адвокатлар, тадбиркорларнинг фикрлари, шунингдек, илғор хориж тажрибаси ва амалиёти чуқур таҳлил қилинган ҳолда ишлаб чиқилди.
Кодексда судда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, одил судлов фаолиятининг сифат ҳамда самарадорлигини ошириш, фуқаролар ва тадбиркорларга ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини муҳофаза этиш учун қулай имкониятлар яратиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда суд ишларини юритишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенгроқ жорий қилиш, судларга электрон мурожаат этиш, суд ҳужжатларини тарафларга электрон юбориш, суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимидан фойдаланган ҳолда ўтказиш, суд мажлисини аудио-видеода қайд этиш белгиланди.
– Тадбирда биз, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларимизни суд органларида ишончли ҳимоя қилиш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида етарли билим ва кўникмага эга бўлдик, – дейди Термиз шаҳридаги “Гулбаҳор Нурли Келажак” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Дилафрўз Каримова. – Айниқса, янги кодексда суд мажлисида аудио ва видео қайд этиш тизими йўлга қўйилаётгани, улар суд мажлисининг аудио ёки видеоёзувлари билан танишиш ҳуқуқига эга бўлаётгани тарафларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини янада такомиллаштиради. Шаффофликни таъминлайди.
Давра суҳбатида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифаларни Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид давлат дастури ва унинг мазмун-моҳияти хусусида атрофлича фикр алмашилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
Манба: ЎзА