Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мурожаатларнинг аксарияти коммунал хизматлар соҳасига тегишли экани айтилди
2018-03-13 | Жамият
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳамда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолининг истеъмол маданиятини ошириш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий органларига истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича ўтган йили жами 6 минг 602 мурожаат келиб тушган. Уларни ўрганиб чиқиш натижасида истеъмолчилар фойдасига 2,3 миллиард сўмдан зиёд маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинишига эришилди. Мурожаатларнинг аксарияти коммунал хизматлар соҳасига тегишли бўлиб, уларда тўлов билан боғлиқ муаммоли вазиятлар, кўрсатилаётган хизматларнинг сифати, қўшимча ҳақ ҳисоблаш каби ҳолатлар баён этилган.
Анжуманда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 2017 йилдаги фаолияти якунлари ва 2018 йилги вазифаларига тўхталиб ўтилди.
Таъкидланганидек, федерация марказий аппарати ва унинг таркибидаги ҳудудий бирлашмалар, туман (шаҳар) жамиятлари раҳбарияти йил давомида жойларга чиқиб, одамлар билан мулоқот ўтказди. 231 нафар эҳтиёжманд фуқаро ҳолидан хабар олиниб, уларга 54 миллион сўмдан зиёд моддий ёрдам кўрсатилди.
2017 йил давомида федерация ва унинг ҳудудий тузилмаларига 14 минг 127 мурожаат келиб тушган. Уларнинг 12 минг 976 таси ижобий ҳал этилди. Натижада истеъмолчилар фойдасига 4 миллиард сўмдан ортиқ етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди.
Анжуманда халқаро ҳамкорлик борасида олиб борилаётган ишлар хусусида ҳам сўз борди. Жумладан, ўтган йил бошида федерация Consumers International – Халқаро истеъмолчилар ташкилотига аъзо бўлиш учун барча ҳужжатларни тайёрлаб тақдим этгани маълум қилинди.
Нурилло Насриев, ЎзА мухбири
Манба: ЎзА