Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Яширин фаолият кўрсатаётган 13 нафар фуқаро рўйхатдан ўтказилди
2018-03-13 | Жамият
Жиззах вилояти Бахмал туманида жорий йилнинг январь-февраль ойларида 85 нафар якка тартибдаги тадбиркор давлат рўйхатидан ўтди. 24 нафар тадбиркор ўз фаолиятини қайта тиклади.
Якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилганларнинг 13 нафари амалда бу соҳада анча вақтдан буён фаолият кўрсатиб келаётган фуқаролардир. Улар солиқ тўловларидан қочиб, рўйхатдан ўтмасдан турли йўллар билан яширин тадбиркорлик қилаётган эди.
Масалан, ҳеч бир ҳужжатсиз, озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан ноқонуний шуғулланиб келаётган фуқаро Рустам Ҳамидов давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан олиб борилган тушунтириш ишларидан тўғри хулоса чиқариб, қонуний тартибда рўйхатдан ўтиб, тадбиркорлик қилишга киришди.
– Солиқ ходимлари томонидан маҳаллий бюджетнинг даромадлар базасини кенгайтириш мақсадида ўтказилаётган профилактика тадбирлари туфайли қонуний фаолият олиб борувчи тадбиркорлар кўпаймоқда, – дейди туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари Ҳ.Соатов. – Натижада солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар базаси кенгайиб, уларнинг йиғилувчанлиги ошаётир. 2017 йилда туманда 238 нафар якка тартибдаги тадбиркор давлат рўйхатидан ўтиши натижасида маҳаллий бюджетга 320,9 миллион сўм маблағ тушиши таъминланди.
Туман давлат солиқ инспекцияси томонидан тадбиркорлик билан қонуний шуғулланиш афзалликларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш ишлари мунтазам олиб борилмоқда. 2018 йилнинг икки ойи давомида корхона ва ташкилотлар, маҳаллалар, деҳқон бозорлари ва савдо тармоқларида 1 минг 687 маротаба тушунтириш ишлари ўтказилди.
Тошқул Бекназаров, ЎзА
Манба: ЎзА