Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзгидромет авиамет бўлинмаларида Халқаро стандартлаштириш ташкилотининг (ISO) янги версияси бўйича сифат менежменти тизими жорий этилди
2018-03-13 | Жамият
Ўзгидрометда 2011 йилдан бери Халқаро стандартлаштириш ташкилоти стандартлари бўйича сифат менежменти тизими (СМТ) жорий этиб келинмоқда. Жаҳон амалиётида стандартлар «энг яхши тажриба»ни акс эттиради. Бу доимий равишда сифат соҳасидаги ишланмаларни эътиборга олган ҳолда ва олдинги версияларни татбиқ этиш натижасида орттирилган тажрибага асосланиб ISO Техник кенгашлари томонидан такомиллаштириб келинаётган динамик тузилмадир. Одатда ISO Халқаро стандартлари ҳар 5 йилда кўриб чиқилади. Охирги ISO 9001:2015 версияси ISO 9001:2008 версиясининг ўрнига келди.
Ўзгидромет авиацияни метеорологик таъминлаш бўлинмаларида ҳамда Авиацияни метеорологик таъминлаш хизматида янги ISO 9001:2015 версияси 2017 йил давомида жорий қилинган эди. Ҳозирги вақтда Ўзгидрометнинг 12 та авиаметбўлинмаси ва Авиацияни метеорологик таъминлаш хизмати халқаро даражада янги стандартдаги сифат менежменти тизимига мувофиқлик сертификатларини олди.
Бу жараёнда Германиянинг TÜV International Certification (TIC) компанияси сертификатлаштириш органи бўлиб хизмат қилди. Бу компания томонидан бериладиган сертификатлар халқаро бозорда юқори ишончга эга бўлиб, жаҳон миқёсида 90 та мамлакатда 10 мингдан ортиқ корхона мазкур сертификатларни олган. Улар орасида «Аэрофлот Россия авиалиниялари» ОАЖ, Sony Technical Service Group, Siemens, Scoda Gruppe, Los-Angeles Airport ва бошқалар бор.
Ҳозирги вақтда ISO 9001:2015 сифат менежменти янги тизимини ишчи ҳолатда сақлаш ва назорати бўйича Ўзгидромет авиацияни метеорологик таъминлаш бўлинмалари ва Авиацияни метеорологик таъминлаш хизматида катта ишлар амалга оширилмоқда. Йил давомида бўлинмаларда белгиланган тартибда ички ва кузатув аудитлари ўтказилади.
Манба: Гидрометеорология хизмати маркази