Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Каттақўрғонда тадбиркорликни ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда
2018-03-13 | Жамият
Яқинда Каттақўрғон туман ҳокимлигининг катта мажлислар залида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ташаббуси билан Каттақўрғон туман ҳокимлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ ва валютага оид жинояларни легаллаштиришга қарши курашиш департементи Каттақўрғон туман бўлими, ЎзЛиДеП вилоят кенгаши раҳбарияти ва туманда фаолият олиб бораётган ташқи иқтисодий қатнашчилари, фермерлар, тегишли идора, ташкилот раҳбарлари, тадбиркорликка қизиқувчи ёшлар, маҳалла фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида “Тадбиркорликни ривожлантириш ва уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш – мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг устувор йўналишларидир” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирни Каттақўрғон туман ҳокими А.Бахрамов очиб, Президентимиз томонидан тадбиркорликни ривожлантиришга оид қабул қилинган қарорлар асосида бугунги кунда давлат бошқаруви ҳамда назорат органларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга эътибори тобора ортиб бораётганлигини ва бу борада туманда экспортни ривожлантириш механизмини ишлаб чиқиш, тегишли идора ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорликда ишларни олиб бориш лозимлигини таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг, Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиқ ўринбосари Ж.Қодиров бугунги кунда мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини шакллантириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 ноябрда қабул қилинган “Ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3351-сонли қарори асосида яратилаётган қулайликларга алоҳида урғу бериб ўтди.
Вилоят божхона бошқармасининг Валюта гуруҳи бош инспектори Ш.Рахматов бугунги кунда давлат бошқаруви ҳамда назорат органларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга эътибори ортиб бораётганлиги, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан маҳсулотларни экспорт божхона режимига расмийлаштиришда божхона органлари томонидан яратилаётган қулайликлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 ноябрдаги “Ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3351 сонли қарорига кўра 2017 йилнинг 1 декабрдан бошлаб, товарлар, хизматларни (ишларни) экспорт қилиш операциялари бўйича муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик ҳосил бўлишини ҳисоблашнинг ягона муддати сифатида 120 кун белгиланганлиги, тадбиркорлик субъектларига товарлар, ишлар ва хизматлар экспортини олдиндан тўловсиз, аккредетив очмасдан, банк кафолати ва суғурта полисидан ҳоли равишда экспорт қилиш ҳуқуқи берилганлиги, божхона ҳудудига олиб кириладиган товарларнинг божхона қийматини тасдиқлаш учун импорт қилувчилар томонидан экспорт божхона юк декларациясини мажбурий тақдим этиш, шу билан бирга “вақтинча олиб кириш” божхона режимидаги товарларни қайта экспорт қилишга давлат божхона хизматлари органлари томонидан рухсатнома бериш талаблари бекор қилинганлиги ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг диққат-марказида бўлди.
2017 йил 1 декабрдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига товарларни, ишлар ва хизматларни экспорт контрактини тузмасдан, олдиндан 100 фоиз тўлов шарти билан инвойслар асосида экспорт қилиш ҳуқуқининг берилиши эса тадбиркорлик фаолиятига қаратилган яна бир қулайлик эканлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбирда давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳақида кенгайтирилган маълумотлар берилди. Мазкур қарорнинг қабул қилиниши ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, экспортга маҳсулот етказиб беришни кўпайтиришни рағбатлантириш, маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларнинг рақобатдошлигини ва молиявий барқарорлигини ошириш, ортиқча ва эскирган рухсат бериш тартиботларини бекор қилиш орқали ишбилармонлик муҳитини такомиллаштиришга хизмат қилади. Ушбу ҳужжат билан тадбиркорлик субъектларига янги мева-сабзавот, узум ва полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган мева-сабзавотларни экспорт контракти тузмасдан инвойс асосида экспорт қилиш, етказиб бериш суммаси экспорт божхона декларациясини расмийлаштириш кунида 20 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаслигига оид маълумотлар йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.
“Каттақўрғон” ТИФ божхона пости бошлиғи Л.Зиядуллаев, тадбиркорларга қулай шарт-шароит ва имкониятларни яратиш борасида божхона идорасида барча имкониятлар мавжудлиги, тадбиркорлар учун имтиёзлар қўлланилаётганлиги, ёшларни ҳар хил иллатлар ва қонунбузарликлардан асраб қолиш учун хамкорликда ишларни олиб боришнинг нақадар муҳимлиги, Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳияти, Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан 2017 йил давомида Коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳамда экспортни қўллаб-қувватлаш мақсадида божхона органлари туну-кун фаолият олиб бораётганлиги, ножўя хатти-харакатлар юзасидан бошқарманинг 233-63-00 ишонч телефонига хабар бериш ҳақидаги маълумотларни айтиб ўтди.
Маърузалардан сўнг, тадбиркорлар ўзларининг қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан тўлиқ жавоблар олишди.
Самарқанд вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси