Шу кунларда Ўзбекистон ва Тожикистонда умргузаронлик қилаётган 40 миллионли халқ хурсандчилигининг чеки йўқ. Чунки маълум муддат турли объектив ва субъектив сабабларга кўра сустлашиб қолган ўзбек-тожик азалий ва абадий дўст-биродарлиги йўлидаги барча тўсиқлар олиб ташланди. Икки томонлама манфаатли ҳамкорлик, ёнқўшничилик муносабатлари, ўзаро борди-келдиларнинг тамоман янги даври бошланди.
Ўзбек ва тожик – бир дарёдан сув ичиб, бир ҳаводан нафас олиб, қадим ул-айёмдан ҳаётнинг барча иссиғу совуғини бирга кечиб келаётган, жондош, қондош, ҳамсоя, ҳаммаслак, икки тилда сўзлашувчи бир халқ.
Биз ўзаро муштарак мерос яратганмиз. Қайси тилда ёзилганидан, ҳатто, уни қайси қавм вакили битганидан қатъий назар, Ўзбекистонимиз ҳудудида яратилган ҳар қандай асар халқимизнинг ягона мулки таркибига киради. Ҳатто, Ўзбекистонимизда тожик тилида шу қадар бой мерос яратилганки, дунё, ҳақли равишда, юртимизни форсий лисоннинг ҳам сарзаминларидан бири ҳисоблайди. Бундан ташқари, мамлакатимиз қўлёзмалар хазиналаридан шу қадар катта миқдордаги тожикча асарлар сақланадики, бу жаҳон бўйича форсий тилда яратилган мероснинг улкан қисмини ташкил этади.
Рамзийлик ёки ўзаро мувофиқликни қарангки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қўшни Тожикистон Республикасига давлат ташрифи бошланган 9 март куни Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ҳузуридаги илмий даражалар берувчи илмий кенгашда ана шу муассаса кичик илмий ходими Комилжон Раҳимов диссертациясини муваффақиятли ёқлади. Унинг бу иши тарихшунослик, манбашунослик ва тарихий тадқиқот усуллари мутахассислиги йўналишида “Мустамлий Бухорийнинг “Шарҳ ат-Таъарруф” асари ҳамда унинг XI – XV асрлар Мовароуннаҳр ва Хуросон тасаввуф манбаларига таъсири” мавзусида тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун ёзилган. Диссертацияга тарих фанлари доктори Баҳром Абдуҳалимов илмий раҳбарлик қилган.
Тадқиқотга Калободий Бухорийнинг араб тилида “Ат-таъарруф ли мазҳаб аҳл ат-тасаввуф” (“Тасаввуф аҳли йўлини танитиш”) асарининг шогирди Мустамлий Бухорий томонидан тожик тилида ёзилган батафсил шарҳи – “Шарҳ “Ат-таъарруфли мазҳаб ат-тасаввуф” (“Тасаввуф аҳли йўлини танитиш”нинг шарҳи”) асари асос қилиб олинган.
Муҳим бир нозик жиҳат шундан иборатки, манбашунослик нуқтаи назаридан қараганда, Мустамлий Бухорийнинг шарҳи – тарихан форс-тожик тилида ёзилган ва бизгача етиб келган иккинчи қўлёзма. Ундан олдин, яъни 1036 йили кўчирилган муаллифи номаълум “Китоб ул-абния ан ҳақоиқ ул-адвия” (“Дориларнинг ҳақиқий хусусиятлари асослари ҳақида китоб”) асари дунё бўйича форсий тилдаги бизгача етиб келган биринчи қўлёзма манба ҳисобланади.
Тожик тилидаги бундай мўътабар асарларни илмий тадқиқ этиш жаҳон шарқшунослиги равнақига ҳисса бўлиб ҳам қўшилади ва юртимизнинг обрў-эътибори янада ортишига хизмат қилади. Чунки юртимизда яратилган ва кўз қорачиғидек асраб-авайлаб сақланаётган бундай мўътабар асарларни ўрганиш, энг аввало, ўзбек олимларининг вазифасига киради.
Бир бухоролик олим тасаввуф ҳақида араб тилида китоб ёзган. Орадан йиллар ўтиб, яна бир бухоролик олим унга форс-тожик тилида шарҳ битган. Мана, орадан минг йилга яқин давр ўтганидан сўнг яна бир бухоролик олим шу форс-тожик тилидаги шарҳ ҳақида ўзбек тилида диссертация ёқлади. Унинг тадқиқотида “Шарҳ “Ат-таъарруф...” хусусиятлари, жаҳон хазиналарида сақланаётган нусхалари, тасаввуф илмига оид муҳим манба экани, ўзидан кейинги шу соҳада яратилган асарларга таъсири, шунингдек, унинг муаллифи ҳаёти ва фаолияти кенг ёритилган. Бу эса жаҳон тасаввуфшунослигига қўшилган муносиб ҳисса ҳисобланади.
Комилжон Раҳимов бу мавзуни ўрганишга катта тайёргарлик билан киришганини ҳам алоҳида қайд этиб ўтиш керак. У, аввало, Бухородаги Мир Араб мадрасасини тугаллаган. Кейин эса Бухоро давлат университети ўзбек филологияси факультетининг бакалавриат ва магистратура бўлимларида ўқиган. Орада Миср Араб Республикасида бир йил таҳсил олган. Араб, форс, тожик, инглиз тилларини яхши билади. Ўзбекистон меъморий обидаларидаги туркий, форсий ва арабий битикларни ўрганиш асносида 12 жилддан иборат альбом тайёрланиб, чоп этилди. Матн – ўзбек, рус ва инглиз тилларида. Бироқ арабий ва форсий матнларнинг асли ҳам берилган. Шу тариқа бу альбом амалда беш тилда чиқди. Комилжон Раҳимов ана шу қадим битикларни ўқиб, чала жойларини тўлдириб, нашрга тайёрлаган асосий муаллифлардан бири сифатида катта меҳнат қилганини ҳам қайд этиш керак.
Бу билимларининг бари тадқиқотининг мукаммалигини таъминлаш учун асос бўлган.
Султонмурод Олим,
филология фанлари номзоди,
"Нақшбандия” журнали бош муҳаррири.
Манба: ЎзА