Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг таклифига биноан 9-10 март кунлари давлат ташрифи билан Душанбе шаҳрида бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг Тожикистонга давлат ташрифи кутилганидан ҳам самарали бўлди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, ҳал қилинмаган масала қолмади. Дарҳақиқат, музокаралар якунида икки мамлакат раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида Дўстлик ва яхши қўшниликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги Қўшма баёнот, Ўзбекистон – Тожикистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартномани имзоладилар. Бундан ташқари, савдо, иқтисодиёт, инвестиция, молия, транспорт ва транзит, қишлоқ хўжалиги, сув-энергетика, солиқ, божхона, туризм, фан-таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, хавфсизлик ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳаларидаги ҳамкорлик ҳамда ҳудудлараро алоқаларни ривожлантиришга доир 27 ҳужжат имзоланди.
ЎзА мухбири эришилган келишувлар натижаси ҳақида Ўзбекистон делегацияси аъзоларининг фикрлари билан қизиқди:
Ачилбой РАМАТОВ, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси:
– Тожикистон Республикаси ҳудудий жойлашувига биноан мамлакатимизга чегара давлат ҳисобланади. Шундай экан, темир йўл ва автомобиль йўлларимиз бир-бири билан боғлиқ. Яъни қўшни давлатнинг асосий юклари Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтади. Сўнгги йилларда Тожикистон томонининг юклари Ўзбекистон ҳудудидан айланиб ўтар эди. Давлатимиз раҳбарининг топшириғига кўра, янги қатновлар йўлга қўйилди. Бу борада қўшни мамлакатга ўзига хос чегирмалар тақдим қилдик ва бир тўхтамга келдик. Бу икки мамлакат иқтисодиётига катта фойда келтиради, деб ҳисоблаймиз.
Мамлакатларимиз ўртасида темир йўл қатновини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилган эди. Давлатимиз раҳбарининг ташрифи доирасида «Ғалаба – Амузанг – Хошади» темир йўл линияси очилди. Таҳлилларга кўра, бу йўлдан миллионлаб аҳоли фойдаланиши мумкин. Шундай экан, бу борадаги ишлар изчил давом эттирилади.
Жамшид ХЎЖАЕВ, Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири:
– Ўзбекистон Президентининг Тожикистонга давлат ташрифи доирасида ташкил қилинган учрашувлар, мулоқотлар самимий ва ўзаро ишонч руҳида ўтди. Мисол учун, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ва бизнес-форум натижасига кўра, 200 миллион доллардан ортиқ шартномалар имзоланди. Кўргазмада юртимизнинг 100 дан ортиқ корхонаси ўзининг мингдан ортиқ маҳсулотлари билан иштирок этмоқда. Давлат раҳбарларининг учрашувида мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айланмасини бир миллиард долларга етказиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Энг муҳим жиҳати, Ўзбекистон ва Тожикистон вилоятлари ўртасида тўғридан-тўғри савдо алоқаларини йўлга қўйиш бўйича келишиб олинди. Бу мамлакатларимиз иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Шавкат ҲАМРОЕВ, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири:
– Тожикистон билан Амударё ҳамда Сирдарё сувларидан фойдаланиб келмоқдамиз. Сув ресурсларидан фойдаланишда халқаро меъёрларга амал қилиш талаб этилади. Бундан ташқари, табиатнинг бу неъматидан самарали фойдаланиш керак. 9-10 март кунлари икки давлат тарихида муҳим кун бўлиб қолди. Чунки сув ва энергетика ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида келишувга эришилди.
Шунингдек, гидроэлектр станциялари қуриш бўйича ҳам нуфузли комиссия тузишга келишиб олинди. Бу қарор нафақат икки мамлакат, балки бутун минтақа иқтисодининг ривожига салмоқли ҳисса қўшади. Янги қурилаётган гидроэлектр станцияси минтақанинг энергетикага бўлган талабини қондиради.
Туроб ЖЎРАЕВ, Самарқанд вилояти ҳокими:
– Давлатимиз раҳбарининг Тожикистонга ташрифи тарихий аҳамият касб этди. Бу икки халқ ўртасидаги алоқаларнинг такомиллашишида муҳим қадам бўлди. Музокаралар якунига кўра, Тожикистон Республикасининг Сўғд ва Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятлари ҳокимларига кенг имкониятлар яратиб берилди. Энди муносабатларда ортиқча расмиятчиликсиз, тўғридан-тўғри телефон орқали боғланиш, ўзларига маъқул бўлган вақтда икки томон ишбилармонлари ўртасида учрашувлар ўтказишга келишиб олинди. Бунинг амалий натижаси сифатида жорий йилнинг апрель ойида Тожикистон тадбиркорлари билан учрашув бўлиб ўтади.
Ташриф доирасида жуда кўп самарали келишувларга эришилди. Биргина мисол: эришилган келишувга кўра, энди фуқаролар мамлакатларда ўттиз кунгача визасиз юриш имкониятига эга бўлади. Бу икки халқ вакилларининг азалдан йўлга қўйилган қариндошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, қолаверса, туризмни ривожлантиришда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Эркин ТУРДИМОВ, Сурхондарё вилояти ҳокими:
– Давлатимиз раҳбарининг Тожикистонга олий даражадаги давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга бўлди. Бу нафақат икки давлат ўртасида, балки Марказий Осиё миқёсида ҳам эътироф этилмоқда.
Савдо-иқтисодий соҳаларда икки давлат имкониятлари етарли даражада ривожланмай қолган эди. Мамлакатлар энди бу борада ҳам ўзининг ҳақиқий кўрсаткичларини намоён қилади. Мен ташриф давомида турли соҳаларда имкониятлар бўлатуриб, алоқалар узилиб қолганининг гувоҳи бўлдим. Бу тарихий ташрифни икки халқ вакиллари ҳам интиқлик билан кутган эди. Ташриф доирасида икки халқ манфатларига тўла жавоб берадиган келишувларга эришилди. «Ғалаба – Амузанг – Хошади» темир йўлининг очилиши муҳим воқеа бўлди. Сурхондарё вилояти Тожикистон билан чегара ҳудуд бўлганлиги учун бугундан бошлаб барча соҳаларда алоқаларни кенг миқёсда ривожлантирамиз.
Ботир ЗАРИПОВ, “Ўзқурилишматериаллари” АЖ бошқаруви раиси:
– Маълумки, мамлакатимизда минерал хом ашё ресурсларидан самарали фойдаланган ҳолда юздан зиёд қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади. Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтаётган Ўзбекистон саноат маҳсулотлари кўргазмасида 50 дан ортиқ турдаги қурилиш материаллари билан иштирок этмоқдамиз. Ноёб қурилиш материаллари ҳисобланган гранит, мармар, габбро, травертин тошлари, деворбоп, томёпқич материаллар, базальт тошидан олинган арматуралар, қамиш ўсимлигидан ишланган ДСП каби маҳсулотларимиз тожикистонликларда катта қизиқиш уйғотди. Тожикистоннинг ўнлаб компания ва фирмалари бизнинг қурилиш материалларимизни олиш бўйича шартномалар имзолади.
ЎзА мухбири Абу Бакр Ўрозов ёзиб олди
Манба: ЎзА