Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ангрен шаҳар давлат хизматлари марказининг Telegram-канали очилди
2018-03-12 | Технологиялар
Тошкент вилоятидаги Ангрен шаҳар давлат хизматлари маркази томонидан жорий йилда 326 тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтказилиб, 581 янги иш ўрни яратилди.
Марказ ходимларининг саъй-ҳаракати билан “Kимё-1” фермер хўжалиги, “Angren gold star”, “Умид-2” ва “Aнгрен қурилиш материаллари” каби 45 дан ортиқ масъулияти чекланган жамияти фаолияти тикланди ва қўшимча 89 киши иш билан таъминланди.
– Фуқароларни соҳадаги янгиликлардан хабардор қилиш учун Ангрен шаҳар давлат хизматлари марказининг “Telegram” интернет тармоғида расмий канали очилди, – дейди Ангрен шаҳар давлат хизматлари маркази бош мутахассиси З.Маликов. – Фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида марказимизда узайтирилган иш куни йўлга қўйилган. Уларга малакали мутахассислар томонидан бепул маслаҳатлар берилмоқда.
Марказ томонидан жорий йилнинг январь-февраль ойларида тадбиркорлик субъектларига турли йўналишларга оид 417 давлат хизмати кўрсатилди. Уй-жойларнинг сув таъминоти, канализация ва бошқа муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, якка тартибда уй-жой қуришни амалга оширишга рухсатнома, турар жойи бўйича рўйхатга олиш (прописка), рўйхатдан чиқариш ва ҳисобга қўйиш, турли архив маълумотномалари, патент ва гувоҳномалар каби аҳолининг талаби юқори бўлган хизматлар шулар жумласидандир.
А.Мусаев, ЎзА мухбири
Манба: ЎзА