Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистонда илк бор: Намангандаги шифохонага ноёб кардио-ультратовуш текшириш аппарати келтирилади

2018-03-12 | Соғлиқни сақлаш

Тадбиркор Носирбек Абдуллахонов томонидан Наманган шаҳрида ташкил этилган “ANAMED” диагностика маркази иш бошлаганига бир йил бўлди.

– Уч-тўрт йил олдин умуртқам шикастланиб, Москвада даволанишга тўғри келди, – дейди Носирбек Абдуллахонов. – Шунда “Шу муолажаларни нега ўзимизда ўтказиш мумкин эмас? Қачонгача юртдошларимиз узоқларга бориб даволанади? Ахир, ҳозир тиббиёт соҳасида ҳам хусусий секторга кенг имкониятлар яратилмоқда-ку!" деган фикр миямга ўрнашиб қолди. Ўша ерда ўзим даволанаётган шифохонадаги мутахассислар билан маслаҳатлашдим... Хуллас, фикр ғояга, ғоя лойиҳага айланиб, Москвадан Наманганда хусусий клиника очиш мақсади билан қайтдим.
 
Н.Абдуллахонов 2014 йилда нейрожарроҳлик йўналишида хусусий диагностика маркази ташкил қилиш ҳаракатини бошлади. Унинг ташаббуси вилоят ҳокимлиги ва соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан қўллаб-қувватланди. Наманган шаҳри марказидан қурилиш учун ер майдони ажратилди. Икки йил давом этган бунёдкорлик ишлари натижасида замонавий архитектура, энг асосийси, бугунги давр тиббиёт муассасаларига қўйилган талабларга тўлиқ жавоб берадиган тўрт қаватли муҳташам бино қад ростлади. 
 
Марказ ўз фаолиятини бошлагандан буён икки мингдан зиёд беморга хизмат кўрсатди. Олис қишлоқлардан, бошқа вилоятлардан келадиган юртдошларимиз кўп вақт йўқотмасликлари, икки-уч кунлаб сарсон бўлиб юрмасликлари учун телефон орқали олдиндан навбат олиб қўйиш тартиби жорий қилинган. Шунингдек, кексалар ва ногиронлар биринчи навбатда қабул қилинади.
 
– Ҳозир қорин бўшлиғидаги хасталикларда лапароскопик жарроҳлик амалиётларини ўтказиш борасида изланиш олиб бораяпмиз, – дейди диагностика маркази бош шифокори Эркин Мирҳидоятов. – Бунинг учун бизда барча имконият бор. 
 
Танганинг иккинчи томони ҳам бор. Асосан компьютерлаштирилган юқори технологияли тиббиёт аппаратуралари билан ишлай оладиган мутахассис бўлмаса, УЗИ, МРТ каби бошқа барча ускуналар ҳам кутилган натижани бермайди. Хўш, мазкур диагностика марказида бу масалага эътибор қандай?
 
– Кадрлар малакасини ошириш, илмий-амалий ҳамкорлик бўйича Қозон шаҳрининг минтақалараро клиник диагностика маркази билан меморандум имзоладик, – дейди Н.Абдуллахонов. – Шифокоримиз Ботир Юнусов у ерда малака ошириш курсини ўтаб келди ва ўзлаштирган билим ва маҳоратини ҳозир ўзимизнинг шифокорлар билан ўртоқлашмоқда. Шунингдек, айни кунларда россиялик мутахассислар билан юз, бош чаноқ суяклари имплантацияси амалиётини йўлга қўйиш борасида иш олиб бораяпмиз. Бу мавзуда апрель ойида Россия Федерацияси орқа мия нейрожарроҳлар ассоциацияси президенти Андрей Басков раҳбарлигидаги гуруҳ иштирокида семинар ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда.
 
Бугун 30 киши, жумладан, 4 нафар олий тоифали шифокор иш билан таъминланган “ANAMED” диагностика марказида лойиҳанинг навбатдаги босқичидаги ишлар қизғин давом эттирилмоқда. Айни пайтда 40 ўринли стационар ва физиотерапия бўлими қурилиши якунига етказилаётир. Бу ерга Англиянинг BTL компаниясида ишлаб чиқарилган лазер ускуналари, мамлакатимизда ҳозирча бирорта тиббий муассасада йўқ Simens кардио-ультратовуш текшириш аппарати каби янги тиббиёт техника воситаларини келтириш режалаштирилган.
 

Акромжон Сатторов, ЎзА мухбири 

Манба: ЎзА

Поделиться