Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Илк маротаба университет битирувчиларининг иш жойлари икки ой олдин аниқ бўлди
2018-03-12 | Жамият
Бу ҳақида Тошкент давлат аграр университети ректори, академик Ботир Сулаймонов шундай деди:
Мамлакатимизда ўрта ва олий таълим муассасаларини тамомлаб, пухта билимга, муайян касб-корга эга бўлиб катта ҳаёт остонасига қадам қўяётган ёшларни ўз эгаллаган мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштириш доимий эътиборда. Бу борада бизнинг олдимизга ҳам қўйилган қатор масалалар бор.
Жорий йилда университетимизни 1 минг 354 нафар бакалавр, 97 нафар магистр битиради. Айни вақтда уларнинг ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлашиши кафолатланади. Яъни бу йил илк маротаба университетнинг барча 4-босқич талабалари ўқишни тамомлашларидан икки ой олдин иш жойлари аниқланди. Улар шу кунларда ўз мутахассисликлари бўйича битирув малака амалиёт ўтаётган корхона ва хўжаликларда келгусида ишга қолади. Бу эса иқтидорли битирувчи ёшларни касбий ва илмий-тадиқот ишларига кенг жалб этиш, уларнинг ўз ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришда қўл келади.
Албатта, бу борада соҳага тегишли бўлган вазирлик, корхона, ташкилот, муассаса ва фермер хўжаликлари билан бевосита ҳамкорликда “Каръера куни” ярмаркаси ўтказиб, битирувчиларга бўлган талабни ўргандик.
Шу тариқа ҳудудлардаги 68 та корхона, ташкилот ва муассасалар билан «Ёш мутахассисни иш билан таъминлашга кўмаклашиш тўғрисида” уч томонлама шартномалар имзоланди.
Битирувчи талабалар битирув олди малака амалиётларини ўташ учун иш берувчилар билан тузилган шартномаларига асосан 68 та корхона, ташкилот ва муассасага юборилди.
Сайёра Шоева, ЎзА
Манба: ЎзА