Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳашар–элдаги ҳамжиҳатлик, эзгу истаклар намойиши
2018-03-12 | Жамият
Юртимизга ўз кўрку таровати билан баҳор кириб келди. Ҳароратда илиқлик, кўча ва хиёбонларимиздаги дарахтлар, гуллару майсалар ҳам мана «очилиш» қиёфасига кириш арафасида. Элда ҳам ўзгача ғайрату шижоат.
Ҳар баҳорда шу ҳолатни кузатиш мумкин. Уйғониш, янгиланиш фасли юртдошларимизни ҳам қўлни қўлга беришга ундайди. Юртни обод қилмоқ, эл корига ярамоқ фурсати ахир бу.
Тошкент шаҳар ҳокимининг Фармойишига кўра, жорий йилнинг февраль-март ойларида ободонлаштириш, тозалик ойлиги ҳамда 24-25 февраль ва 3-4, 10-11-март кунлари «Озодалик куни» деб эълон қилинган. Шу муносабат билан ободонлаштириш, тозалик ойлиги ҳамда «Озодалик куни»ни ўтказилмоқда.
Шу жумладан пойтахтимизнинг барча туманларида аҳоли яшаш жойлари, кўп қаватли бинолар, уйлар атрофлари, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳ ва қабристонлар, ариқлар, кўча ва йўлакларни, шунингдек болалар майдончаларини тартибга келтириш, барча турар жой мавзелари, маҳаллаларда гул, мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиш, бўш ҳудудларда боғлар барпо этиш, мавжуд дарахтларни буташ ва оқлаш каби кўплаб ташкилий ишлар амалга оширилмоқда.
Бугун эрта тонгдан Мирзо Улуғбек туманидаги Аҳиллик маҳалласида ҳам катта ҳашар ташкил қилинди. 3815 нафар аҳоли истиқомат қиладиган ушбу маҳаллада кексаю ёш бирдек меҳнат қилаётганига гувоҳ бўлдик. Маҳалласининг ободлигига ва кўркам бўлиши учун қўлларидан келган барча хизматга тайёр эканликларини кўрсатиб беришди. Аҳиллик МФЙ раиси Уринов Телмон аканинг такидлашича, Аҳиллик маҳалласининг номи ҳам айнан ушбу масканда истиқомат қилаётган кишиларнинг, бир-бирларига бўлган муносабатидан келиб чиқиб қўйилган дейди биз билан суҳбатга киришар экан.
Бинобарин бугун пойтахтимизнинг қай бир гўшасида бўлманг «Озодалик куни»ни ўзгача олиб бораётган юртдошларимизга кўзимиз тушади. Бугун «Алоқабанк» бош бошқармаси вакиллари ҳам ҳашарга ўз ҳиссаларини қўшаётгани Амир Темур шоҳ кўчасида обод бўлиши учун меҳнат қилаётганларига гувоҳ бўлдик.
Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Олтин тепа қабристонида ҳам озодалик куни кенг миқёсида амалга оширилаётгани ва қабристон атрофидаги деворларни мустаҳкам ва кўркам ҳолатга келтириш учун меҳнат қилаётган бир гуруҳ юртдошларимизга «Ҳорманг» дея куч қувват тиладик.
Баҳорни бежиз «янгиланиш фасли» дейишмайди. Ахир халқимизнинг энг азиз шодиёнларидан бири бўлмиш Наврўзи олам яқин. Наврўз куну туннинг тенглиги баробарида янги йилнинг бошланиши ҳамдир. Янги йилга эса яхши ният, эзгу амаллар билан қадам қўйишга нима етсин. Шундай экан, халқимизнинг азалий қадриятларидан саналмиш умумхалқ ҳашарига марҳамат.
Юртнинг ободлиги йўлида ҳисса қўшмоқ бахти барчамизга муборак бўлсин!
Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги