Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Таэквондочиларимиз Голландияда шоҳсупага кўтарилди
2018-03-12 | Спорт
Голландиянинг Эйндховен шаҳрида таэквондо бўйича катталар ва ўсмирлар ўртасида "45th Dutch Open Taekwondo Championships-G1" халқаро турнири ўтказилди.
Нуфузли турнирда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 3 олтин, 4 кумуш ва 1 бронза медалини қўлга киритди.
Мусобақанинг ўсмирлар ўртасидаги беллашувларда Мадина Маннопова, Жасур Жайсунов, Улуғбек Рашидов ўз вазн тоифаларида барча рақибларини мағлубиятга учратиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Шунингдек, Озода Собиржонова, Бегзод Иброҳимов ҳамда Шаҳзод Жўраев каби умидли спортчиларимиз кумуш медалга сазовор бўлди.
Катталар ўртасидаги баҳсларда 87 килограммдан ортиқ вазн тоифасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Дмитрий Шокин кумуш медалини қўлга киритган бўлса, вазни 54 килограмм бўлган Баҳром Абдуллаев бронза медаль билан тақдирланди.
Эслатиб ўтамиз, таэквондочиларимиз 13-март куни соат 07:00 да Тошкентга қайтиб келадилар.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
Манба: ЎзА