Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фуқаролик паспортлари ўз эгаларига топширилди
2018-03-10 | Жамият
Бугунги кунда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор масалаларидан бири сифатида муҳим аҳамият касб этмоқда. Давлатнинг халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилиши, айниқса, юртимизда яшаб, мамлакатимиз тараққиёти йўлида самарали меҳнат қилаётган, тақдир тақозоси билан фуқароликка эга бўлмаган юртдошларимизга катта ишонч билан фуқаролик паспорти берилаётгани конституцион принципнинг ҳаётийлиги таъминланаётганлигининг ёрқин ифодаси дейиш мумкин. 8 март куни вилоят ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан Сурхон воҳасида узоқ йиллардан бери яшаб келаётган бир гуруҳ фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспортини топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда фуқароликка қабул қилинган воҳадошларимиз ва уларнинг оила аъзолари иштирок этишди. Маросим жараёнида фуқаролиги бўлмаган 20 нафар воҳадошимизга Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортлари тантанали равишда топширилди. Тадбир сўнгида фуқароликка қабул қилинган воҳадошларимиз Муҳтарам Юртбошимизнинг мана шундай ғамхўрликларига жавобан ўзларининг самимий миннатдорчилигини билдириб, Ватан равнақи йўлида бор салоҳиятларини сафарбар этишларини таъкидлашди.
Манба: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги