Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Самарқандда автокинотеатр иш бошлади
2018-03-10 | Маданият
Самарқанд темир йўл вокзалидаги автомобиллар тўхташ жойида ташкил этилган автокинотеатрда “Алишер Навоий” фильми намойиш этилди.
– “Ўзбеккино” миллий агентлиги Самарқанд вилояти ҳудудий бўлими, “Докатур” сайёҳлик фирмаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган мазкур лойиҳа аввало юртдошларимизнинг кечки пайт шаҳар айланиш чоғида мароқли ҳордиқ чиқариш имкониятини кенгайтиришга қаратилган, – дейди лойиҳа ташаббускори, “Vendo Group” компаниялар гуруҳи раҳбари Хайрулло Мамасолиев. – Шунингдек, бу Самарқандга келган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун яна бир сервис хизмати бўлади. Чет элдан келган туристлар эса миллий ва ретро фильмларимиз орқали юртимиз тарихи, халқимиз маданияти ва санъати ҳақидаги тушунчаларини бойитади. Улар учун фильмларни рус ва инглиз тилларига таржима қилиб намойиш этишни режалаштирганмиз.
Илк сеансдан ўрин олган “Алишер Навоий” бадиий фильми катта экранда намойиш этилган бўлсада, унинг овози белгиланган радиотўлқин орқали узатилди. Яъни, кинони автомашинада ўтириб томоша қиладиганлар унинг овозини эшитиш учун 50 метр радиусда машина радиосини белгиланган тўлқинга созлади. Уяли телефонлар эгалари эса қулоқчинлардан фойдаланди.
Манба: Самарқанд вилояти ҳокимлиги