Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

2018 йил қардош халқлар ҳаётида тарихий йил бўлади

2018-03-10 | Жамият

Президент Шавкат Мирзиёев яқинда Навоий вилоятига ташрифи чоғида олис ҳудудларнинг бугунги ҳаёти ва истиқболига мўлжалланган йирик лойиҳалар билан танишиш, одамлар билан мулоқот қилиш мақсадида Томди туманида ҳам бўлди. 

Таъкидлаш керакки, кўп йиллардан буён Томди томонларга давлат раҳбари бормаган. Бундан 45 йилча илгари Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбари Шароф Рашидов ушбу ҳудудда бўлиб, одамларнинг аҳволи билан танишган экан. Орадан шунча йил ўтиб, Президент Шавкат Мирзиёев Томдига ташриф буюргани, одамлар билан дилдан гаплашиб, кўплаб масалаларни ҳал этиб бергани оламшумул воқеа бўлди. Шу воқеаларга бевосита гувоҳ ва иштирокчи сифатида кўнглимдан ўтган ҳисларимни айтмасам бўлмас. 

Давлатимиз раҳбарининг ташрифини етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган томдиликлар, конимехликлар, учқудуқлик ва зарафшонликлар интиқиб кутди. Президентимиз шу тўрт ҳудуд фаоллари билан учрашди. Ғоят самимий ўтган учрашувда Шавкат Мирзиёев олис ҳудудлар аҳолиси ҳаётида ўзгариш бўлиши кераклигини, шунинг учун одамлардан ўз муаммо ва таклифларини рўй-рост, очиқ баён этишни сўради. Ҳар бир сўзга чиқувчини диққат билан эшитиб, улар айтган таклифлар юзасидан зарур топшириқлар берди. 

Давлат раҳбари халқнинг ичига кириб, одамларнинг юрагидан ўтаётган гапларни айтаётгани, ҳар бир ишда халқни рози қилишни ўйлаётгани менга ҳам қанот берди. У киши бошчилигида қисқа фурсатда амалга оширилган эзгу ишлар кўз олдимдан ўтди. Халқ таълими соҳаси вакили сифатида 11 йиллик таълим қайта ташкил этилиши одамларнинг айни дилидаги иш бўлганини айтдим. 

Тасаввур қилинг: отарда яшайдиган чўпоннинг ўғли 300 километр олисдаги коллежда ўқиши ота-она учун уч баравар зарар эди. Биринчидан, фарзанди ётиб ўқийди, овқати бор, кийиниши бор, ўқув қуроли керак. Битта бола ўқитса ҳам бир оиланинг харажати кетади. Иккинчидан, ҳали 15-16 га тўлмаган бола нима билан машғул? Усти бутми, қорни тўқми, ножўя йўлга кириб кетмадими, ота-оналар шуни ўйлаб эзиларди. Учинчидан, эртага коллежни битирган ёшларга иш борми? 11 йиллик таълимнинг энг афзал томонларидан бири, ўтиш давридаги бола ота-онаси бағрида, кўз олдида бўлади. Энди ортиқча хавотирга ўрин йўқ, ота-она назорати остида болалар яхши таълим-тарбия олади. 

Президентимиздан 25 километр олисдаги Зафаробод шаҳарчасини Конимех туманига қўшиб беришни илтимос қилдик. Боиси, у ерда конимехлик ва навбаҳорликлар меҳнат қилади, аммо шаҳарча Бухоро вилоятига қарайди. Бундан аҳоли қийналиб келарди. Битта маълумотнома олиш ёки касал бўлиб қолганда 160 чақирим йўл босиб Бухорога боришга тўғри келарди. 

Давлатимиз раҳбари масалани таҳлил қилиб, фикримизни маъқуллади. Бундан ташқари, тўртта ҳудуддаги ёшлар иттифоқига автобуслар, Томди туманидаги оилавий поликлиникаларга тоғли ҳудудда юришга мўлжалланган бешта «тез ёрдам» машинаси ажратиш бўйича топшириқлар берди. Янгиликлардан яна бири, Томдида ёпиқ сузиш ҳавзаси қуриладиган бўлди. 

Томди, Учқудуқ, Конимех туманлари чорвачиликка ихтисослашган. Отарлар 15-20 чақирим узоқликда жойлашган. Сув чиқадиган айрим қудуқлар кўмилиб қолган. Сув бўлмагандан кейин у ердан одамлар кўчиб кетади. Мана шу муаммо ҳам одамларни қийнаб келар эди. Президентимиз гидрогеологик қидирув ишлари олиб бориб, ер ости сув захираларидан аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш кераклигини таъкидлади. У киши одамларнинг дардини эшитиб, уларни ечиш йўлларини кўрсатди, баъзи масалаларни шу ернинг ўзида ҳал қилиб берди. Бундан кўнглимиз тоғдай кўтарилди. 

Шавкат Мирзиёев Президент сифатида фаолият бошлаган илк кунларданоқ тинчликка, миллатлараро тотувликка алоҳида эътибор қаратмоқда. Ҳар бир миллатнинг урф-одатлари ҳурмат қилинаётгани, қўшни мамлакатлар халқлари билан борди-келди фаоллашаётгани, чегаралар очилаётгани, ҳамкорлик мустаҳкамланаётгани оддий одамларни чексиз қувонтираётир. 

Туманимизда 14 дан ортиқ миллат вакилларидан иборат 30 мингга яқин аҳоли яшайди. Мавжуд 35 мактабдан 3 тасида ўзбек, 3 тасида қорақалпоқ, 1 тасида рус-ўзбек, 1 тасида ўзбек-қозоқ, 27 тасида қозоқ тилида таълим берилади. Қозоқ мактабларини адабиётлар билан бойитиш масаласи ҳам кўтарилди. Президентимиз бу масала ҳам ижобий ҳал қилинишини айтди. Ўзбек ёзувчи-шоирларининг асарларини қозоқ тилига, қозоқ ижодкорларининг китобларини ўзбек тилига таржима қилдирамиз, деди. 

Қозоғистонда элдошларимиз кўп, тўйларига борамиз, улар бизникига келади. Қозоғистонда Ўзбекистон йили эълон қилингани юртимизда бошланган ишларга узукка кўз қўйгандек мос тушди, ҳар икки халқни руҳлантирди. Зеро, Марказий Осиё халқлари азалдан аҳил-иноқ, дўст-биродар, қуда-анда бўлиб, яхши-ёмон кунларда бир-бирига ҳамдам бўлиб яшаб келган. 2018 йил – қардош халқларимиз ҳаётида тарихий йил сифатида унутилмас воқеаларга бой бўлади. Бундай эзгу ишлар бошида турганлар дунё тургунча турсин, дейман. 

Куни кеча ҳаётимда яна бир қувончли воқеа юз берди – Президентимиз фармони билан «Меҳнат шуҳрати» орденига лойиқ кўрилдим. Пойтахтимизда 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда шахсан Юртбошимиздан ушбу нуфузли мукофотни қабул қилиб олдим. Бу мен учун чексиз қувонч ва шараф. Оддий аёлга, ўқитувчига шунчалик ҳурмат, эҳтиромни тасаввур қилишнинг ўзи қийин. 

Мамлакатимиз равнақи, халқимизнинг бахтиёр ва фаровон ҳаёти йўлида тинимсиз меҳнат қилаётган Президентимизнинг ташаббуслари, амалга ошираётган саъй-ҳаракатлари қалбимни фахр-ифтихорга тўлдириб, кучимга куч, ғайратимга ғайрат қўшмоқда. Насиб этса, буларнинг барини шеърий сатрларга жо қилиб, Ватанимиз истиқлолининг 27 йиллигига туҳфа этмоқчиман. 

 
Акшагул Тулегенова,
Конимех тумани халқ таълими
бўлими мутахассиси,
туман қозоқ миллий маданий маркази раиси,
«Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби.

Манба: ЎзА

Поделиться