Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
20 кишига фуқаролик паспорти топширилди
2018-03-09 | Жамият
Термизда Президентимизнинг фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган 20 кишига фуқаролик паспорти тантанали равишда топширилди.
Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаб, фуқароларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш юзасидан кўрсатилаётган ғамхўрликлар кўп миллатли халқимизнинг аҳил ва иноқ турмуш кечиришида муҳим омил бўлаётгани алоҳида таъкидланди.
Бундай юксак фазилатлар узоқ йиллардан буён мамлакатимизда яшаб, юртимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшаётган, бироқ фуқаролиги бўлмаган инсонларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилаётганида ҳам ўз ифодасини топаётир.
Дилфуза Шерхонова уч ёшигача Тожикистон Республикасида яшаган. 25 йилдан буён Термиз шаҳридаги Темирйўлчи маҳалласида истиқомат қилади. Темир йўл тармоғида ишлаётган Д.Шерхонова ўзининг самарали меҳнати билан ҳамкасблари ҳурматини қозонган. Мамлакатимизда кенг нишонланган 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни Дилфуза учун бир умр ёдда қоладиган қўшалоқ байрамга айланди. У Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиниб, Конституциямизда белгиланган барча ҳуқуқлардан фойдаланиш шарафига муяссар бўлди.
– Фуқаролигим бўлмагани мен учун армон эди. Бугун қувончим чексиз, – дейди Д.Шерхонова. – Орзу-армоним ушалиб, Ўзбекистон Республикаси паспортига эга бўлдим. Жонажон Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли фуқароси бўлдим. Бу ишонч мени фидойилик билан меҳнат қилиб, юртимиз тараққиётига янада кўпроқ ҳисса қўшишга ундайди. Турмуш ўртоғим билан бир ўғилни тарбиялаб, камолга етказмоқдамиз. Уни ҳам Ватанга муносиб, юртга содиқ фарзанд этиб улғайтиришга ваъда бераман.
Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқди.
Манба: ЎзА