Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Буюк Британиядаги ўзбекистонликлар билан учрашув
2018-03-09 | Жамият
Мамлакатимиз Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази ҳамда Тошкент ислом университети вакилларидан иборат республикамиз делегациясининг Лондонга ташрифи доирасида Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси томонидан ушбу давлатда истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар билан давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Британиядаги банк-молия, юридик ва хизмат кўрсатиш соҳаларига ихтисослашган йирик компания ҳамда ташкилотларда фаолият юритаётган 40 нафарга яқин ватандошларимиз, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.
Унда Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Шайхов давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакатимизнинг очиқ ва дўстона ташқи сиёсати, халқимиз ҳаётини янада яхшилаш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, одамлар билан яқин мулоқот қилиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров ватандошларимизга юртимизда диний соҳадаги янгиликлар, хусусан, диний таълим йўналишида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар, жумладан, янги ташкил этилган Имом Термизий, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Ислом академияси, Мир Араб олий мадрасасининг мақсад ва вазифалари ҳақида сўзлаб берди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов ўз нутқида ислом илм-фани ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд сингари улуғ алломаларимиз илмий меросини тадқиқ этиш, табаррук қадамжоларини обод қилиш, халқимиз, айниқса ёшларимизни буюк аждодларимиздан қолган бой маънавий мерос асосида тарбиялаш борасидаги кенг кўламли ишлар ҳақида тўхталди.
Тадбирда ўзбекистонлик ёшларимиз дипломатик ваколатхона вакиллари ва делегация аъзоларига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Жумладан, Лондондаги ватандошларимиз томонидан ташкил этилган “Билим маркази” ва унинг қошидаги ўзбек мактаби учун ўқув дарсликлар ҳамда қўлланмаларни етказиб бериш, Британиядаги ўзбеклар учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари ва иқтидорли имом-хатибларнинг маъруза ҳамда дарсларини онлайн ташкил этиш таклифини билдирдилар.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги