Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳоким иқтидорли қизлар билан учрашди
2018-03-09 | Жамият
Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иқтидорли қизлар билан учрашув ўтказди.
Мамлакатимизда ёш авлоднинг ҳар томонлама етук ва баркамол улғайиши, ўз иқтидор ва салоҳиятини тўлақонли намоён этиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Хусусан, иқтидорли қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти танлови кўплаб ёш истеъдод ва иқтидор соҳибаларини юзага чиқаришда муҳим аҳамият касб этаётир.
Халқаро хотин-қизлар куни байрами арафасида Андижон вилояти ҳокими ана шу танловнинг вилоят, республика саралаш босқичларида фаол иштирок этган ҳамда умумтаълим мактаблари, коллежлар, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган иқтидорли қизлар билан учрашди.
– Иқтидорли қизларга кўрсатилган эътибордан беҳад мамнунмиз, – дейди Андижон тиббиёт коллежи ўқувчиси Дилноза Мухторжонова. – Учрашув менда катта таассурот қолдирди. Бу каби тадбирлар биз ёшларни янада фаол бўлишга, фақат аъло баҳоларга ўқишга ундайди. Юртбошимиз томонидан биз, ёшларга кўрсатилаётган эътибор, яратиб берилаётган кенг имкониятларга муносиб бўлиш учун астойдил ҳаракат қиламиз.
Дарҳақиқат, айни пайтда вилоятдаги таълим муассасалари, маҳаллаларда “Зулфияхоним издошлари”, “Иқтидорли қизлар”, “Қизларжон” клублари ташкил этилган. Мазкур клубларнинг фаол, ташаббускор етакчилари томонидан эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Бунинг самарасида ёш иқтидор соҳибалари сафи, улар томонидан қўлга киритилаётган ютуқлар йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Вилоят ҳокими иқтидорли қизларга эсдалик совғалари топширди.
Манба: ЎзА