Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сирдарёда мақом дастасига асос солинди
2018-03-06 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил октябрдаги “Миллий мақом санъатини ривожлантириш ва ёшларни юксак инсоний туйғулар pyҳида тарбиялаш, уларнинг эстетик диди ва тафаккурини шакллантиришда маком санъатининг кенг имкониятларидан фойдаланиш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинганидан кейин бу соҳада ибратли ва хайрли ишларга қўл урилаётганидан кўнглимиз тўлди. Миллий мумтоз санъатимиз гултожи саналган мақомни янада ривожлантиришга кенг имкониятлар берилиб, санъатнинг ушбу йўналиши бўйича ижод этаётган ёшларнинг унинг сирларини пухта эгаллашларига шарт-шароит яратилаётганлиги, уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлигига гувоҳ бўлмоқдамиз
Гулистон шаҳридаги 1-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида вилоят маданият бошқармаси қошида ташкил этилгач макомчилар ансамбли учун вилоятимизнинг турли ҳудудларида мақом йўналиши бўйича фаолият кўрсатаётган ижрочиларни саралаш, танлаш тадбири ўтказилди. Дастлабки саралаш босқичида 20 нафардан зиёд хонанда иштирок этди.
Пойтахтдан ташриф буюрган бир гуруҳ устоз санъаткорлар – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Тошкент маданият ва санъат коллежи мутахассиси Раҳимжон Ҳасанов ҳамда республика мақомчилар ансамбли ҳофизи Нажмиддин Ўриновлар иштирокчиларнинг чиқишларини кузатиб, баҳолашди.
Сирдарёлик соҳир овоз соҳиблари, таниқли ҳофизлар Абдулла Ғаниев ва Эркин Раҳмоновлар танловни бошлаб беришди.
Шу куни 1-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларидан ташкил топган ёш мақомчилар гуруҳининг чиқишларини кузатар эканмиз, қалбимизда фарзандларимиз истеъдодидан, иқтидоридан ғурурланиш туйғуси пайдо бўлди.
Мақомчилар ансамблида янги концерт дастурини тайёрлаш ишлари бошлаб юборилди. Насиб қилса, янги жамоа Наврўз байрамида ўз дастури билан саҳнага чиқмоқчи.
Холида ПАРДАБОЕВА
Манба: Сирдарё вилояти ҳокимлиги