Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инновациялар – тараққиётнинг муҳим омили
2018-03-06 | Жамият
Мамлакатимизда юксак тараққиёт асри талабларига хос равишда инновацион технологияларни ҳаётга кенг татбиқ этишга, ёш авлодни яратувчанлик руҳида, илғор ғоя ва ташаббусларга интилувчан, интеллектуал салоҳиятли, ҳар жиҳатдан етук камол топтиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Жумладан, Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда «Ёш талантлар инновациялари - ҳаётга» шиори остидаги фестиваль-танлов ўтказилди.
Танловда вилоятдаги барча давлат ихтисослаштирилган мактаб интернатлари, умумтаълим мактаблари, «Баркамол авлод» болалар марказлари тўгарак аъзолари бўлган ихтирочи, ўз техник ишланмалари, информатика ва компьютер технологиялари, ўқув фанлари ҳамда хорижий тиллар бўйича дастурларини яратган иқтидорли ўқувчилар иштирок этдилар.
Жами 110 нафар иштирокчини қамраб олган танлов жараёнида улар инновацион технологиялар, техник ишланмалар ва ихтиролар борасидаги билим ва иқтидорларини намоён этдилар.
Фестивалда ёшларнинг автомодель, авиа-ракета модель, кемасозлик, робототехника, электрон ўйинчоқлар, информатика ва компьютер технологиялари йўналишидаги инновацион техник ишланмалари, дастур ва лойиҳалари, ўз қўллари билан ясаган моделлари намойиш этилди.
Фестиваль иштирокчиларининг ишланмалари мутахассислардан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди. Биринчи ўринни авиамодель ҳамда электрон ўйинчоқлар ишланмалари бўйича Учқурғон туманидаги 8-умумтаълим мактаби ўқувчилари Қобилжон Тожимирзаев ва Абубакир Абдуқаҳҳоров, веб-сайт ишланмалари бўйича Поп туманидаги 10-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Элёр Раҳматуллаев, робототехника йўналишида Норин туманидаги 43-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Муҳаммад Набижонов, кемасозлик йўналишида Тўрақўрғон туманидаги давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 6-синф ўқувчиси Акбар Маҳмудов, авиа-ракета моделлари бўйича Наманган шаҳридаги 3-умумтаълим мактаби ўқувчиси Темур Мақсудов эгаллади.
Фестиваль низомига кўра, юқоридаги йўналишларнинг иккинчи ва учинчи ўринлари соҳиблари, ”Энг ёш фестиваль иштирокчиси”, “Энг ноанъанавий инновация муаллифи” номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.
Танлов ғолиблари ва совриндорлари ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги