Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Парламентлараро Иттифоқ ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари
2018-03-06 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов, Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари ва юртимизнинг Женевадаги дипломатик корпуси вакилларидан иборат делегация Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг билан учрашди.
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетов, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов, Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари ва юртимизнинг Женевадаги дипломатик корпуси вакилларидан иборат делегация Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг билан учрашди.
Парламентлараро Иттифоқ – 1889 йилда сиёсий муҳокама мақсадида асос солинган илк халқаро ташкилотдир. Иттифоқ халқаро ғояларни илгари суриш ва давлатлар парламентлари фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида ташкил этилган ҳамкор парламентарийларнинг энг нуфузли институти ҳисобланади. Бугунги кунда Иттифоқда 173 та давлат ва 11 та ҳудудий парламент ассамблеялари, хусусан, Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси ва МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси вакил сифатида иштирок этади.
М. Чунгонг 2017 йилда Ўзбекистоннинг Парламентлараро Иттифоқга 10 йиллик танаффусдан сўнг аъзоликка қайта тиклангани билан табриклади. У Ўзбекистон Иттифоқнинг келгуси фаолиятига салмоқли ҳисса қўшишини таъкидлади.
Шу ўринда у Иттифоқ котибияти номидан Парламентнинг аҳамияти ва салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича Барқарор ривожланиш мақсадлари ижросининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан ҳар томонлама кўмаклашишга тайёр эканини билдирди.
М. Чунгонг мамлакатимиз Парламентининг ижро ҳокимияти органлари маърузаларини тинглаш, шунингдек, халқаро мажбуриятлар, шартнома имплементацияларини амалга ошириш бўйича “йўл хариталари” тадбирлари режасини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш амалиётини юқори баҳолади.
Учрашувда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг ижросига қизиқиш билдирилди. М. Чунгонгнинг фикрича, республикамизнинг бу соҳада эришган ижобий тажрибаси Парламентлараро Иттифоқнинг иккинчи глобал парламент ҳисоботида баён қилинган тамойилларга тўлиқ жавоб беради ҳамда дунё мамлакатлари парламентлари ўртасида тажриба алмашишда ижобий аҳамият касб этади.
Учрашув доирасида мамлакатимизнинг Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеясининг келгуси сессия ва бошқа тадбирларидаги иштироки, Иттифоқнинг асосий ҳужжатларини ўзбек тилига таржима қилиш ва нашр этиш ҳамда Парламентлараро Иттифоқ билан ҳамкорлик қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан аниқ режалар муҳокама қилинди ва бу борада келишувларга эришилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги