Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон-Туркия парламентлари ўртасидаги алоқаларнинг янги босқичи
2018-03-05 | Сиёсат
Айни пайтда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳалардаги муносабатлар янада мустаҳкамланиб бормоқда. Хусусан, парламентлараро алоқалар ҳам. Сўнгги вақтларда томонларнинг ҳамкорликка оид мулоқотлари мунтазамлик касб этмоқда.
2018 йилнинг 5 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов ва қуйи палата депутатлари билан Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлисидаги “Туркия-Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Ҳайдар Али Йилдиз бошчилигидаги Туркия парламенти аъзолари билан бўлиб ўтган мулоқотлар ҳам шулар жумласидандир.
Учрашув давомида Қонунчилик палатаси Спикери Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йилнинг 25-26 октябрь кунлари Туркияга амалга оширган давлат ташрифи чоғидаги олий даражадаги музокараларда парламентлараро ҳамкорликни ташрифлар алмашинуви ва қўшма тадбирлар ўтказиш орқали қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилгани, Ўзбекистон раҳбарининг Туркия Буюк миллат мажлиси Спикери Исмоил Қаҳрамон билан учрашувининг амалий натижаси сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолангани муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаб берганини алоҳида қайд этди.
Суҳбат чоғида меҳмонга мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берилди. Таъкидланганидек, бугунги кунда Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ Ўзбекистонинг ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор ҳудудий ва давлат дастурлари амалиётга изчил татбиқ этилмоқда.
Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, мулоқотларда ҳар иккала томон учун муҳим ҳисобланган хорижий инвестицияларни жалб этиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича тажриба алмашиш, шунингдек, савдо-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.
Ўз навбатида Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлисидаги “Туркия-Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Ҳайдар Али Йилдиз самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, сўнгги пайтларда икки мамлакатнинг олий вакиллик органлари ўртасидаги алоқалар фаол ривожланаётганини алоҳида таъкидлади. Бу каби амалий мулоқотлар икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва албатта парламентлараро соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришда катта туртки бўлиб хизмат қилишини қайд этиб ўтди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси