Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ишга тайёр туринг, иш излаганлар!
2018-03-05 | Жамият
Ҳафтанинг ҳар якшанбаси вилоятимизда тадбиркорлар ва ишбилармонлар куни сифатида ўтказилмоқда.
Бу галги учрашув нодавлат мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини ташкил этиш, ишлаб чиқариш лойиҳаларини ишга тушириш мақсадида бўлган тадбиркорлар, хорижий инвесторлар иштирокида Андижон шаҳридаги собиқ “Андижонмаш” заводи ҳудудида ташкил этилди.
Ушбу саноат ҳудудида “Роҳат савдо сервис“ масъулияти чекланган жамияти томонидан Хитой Халқ Республикасининг “Beijing AOFULUN international trade GO” LTD корхонаси билан ҳамкорликда йиллик қуввати 40 млрд сўмлик импорт ўрнини босувчи дори-дармон воситаларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган цех барпо этилмоқда. Лойиҳага кўра 120 та иш ўрни яратилади.
Андижон туманида “Andijon silk.go” масъулияти чекланган жамияти ва Хитойнинг “Tonghiang juncheng” компанияси ҳамкорлигида бунёд этилаётган пилла ва ипак толасини қайта ишлаш корхонаси 21 март – Наврўз умумхалқ байрами арафасида фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 5 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Шундан 3.250 миллион доллари тадбиркорнинг ўз маблағлари, 1.750 миллион доллари эса хорижий инвестор томонидан молиялаштирилади. Корхонада 2018 йилда 144 тонна, 2019 йилда 288 тонна ипак толаси қайта ишлаб чиқарилиши мумкинкўзда тутилган. Натижада дастлаб 300 та фуқаронинг бандлиги таъминланса, 2021 йилга қадар ушбу рақам 1000 тага етади.
Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов дастлаб мактабгача таълим ва тиббиёт соҳаси вакиллари билан суҳбатлашди. Уларни қийнаётган муаммоларни тинглаб, тегишли бошқарма ва идораларга топшириқлар берди. Сўнгра тадбиркор ва инвесторларнинг таклифий лойиҳалари билан танишди.
Учрашувда тақдим этилган 100 дан ортиқ лойиҳалар амалга ошса, йил охирига қадар ўн мингга яқин иш ўрни яратилади.
Манба: Андижон вилояти ҳокимлиги