Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентда байрам олди ҳашар уюшқоқлик билан ташкил этилмоқда
2018-03-05 | Жамият
Тошкент шаҳар ҳокимининг Фармойишига кўра, жорий йилнинг февраль-март ойларида ободонлаштириш, тозалик ойлиги ҳамда 24-25 февраль ва 3-4, 10-11-март кунлари “Озодалик куни” деб эълон қилинган. Шу муносабат билан ободонлаштириш, тозалик ойлиги ҳамда “Озодалик куни”ни ўтказиш бўйича Тошкент шаҳар ва туман ишчи гуруҳлари тузилган бўлиб, 2018 йил Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш арафасида пойтахтимизда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.
Бугун, эрта тонгдан пойтахтимиз маҳаллаларида “Ҳашарга!” дея отланаётган кишиларни кўриб кўз қувнайди. Улар асосан маҳаллалар, аҳоли яшаш жойлари, кўп қаватли уйлар ва уларнинг атрофи, гузарлар, ҳиёбонлар, зиёратгоҳ ва қабристонлар, ариқ-зовурлар, кўча ва йўлаклар ҳамда болалар майдончалари тартибга келтирилди. Энг муҳими қалбига эзгу ташаббусни жо қилган юртдошларимиз ўзлари истиқомат қилаётган хонадонлар атрофини тоза, озода сақлашга доимо масъул эканликларини унутмайдилар. Буни эзгу ришталаримиз боғланган меҳр-мурувват, саҳоватпешалик каби чин инсоний фазилатларимиз номоён бўлган бугунгидек ҳашар тадбирларида кўришимиз мумкин. Фикримиз исботини амалий ишларда изоҳлаймиз. Масалан пойтахтимизнинг Миробод туманидаги кичик ҳалқа йўли атрофи туман ободонлаштириш бошқармаси, маҳалла фаоллари кўмагида тартибга келтирилди. Манзарали кўчатлар ўтқазилиб, анвойи гуллар экилди. Айниқса йўл четидаги райҳон ифори кунгилларга илиқлик бағишлайди.
Ана шундай манзарага гувоҳ бўлган ҳамюртимиз Раъно Қаршибоева ўзининг дил сўзларини чексиз фаҳр билан бизга айтиб берди. Бу каби ибратли ишлар нафақат Миробод, Мирзо Улуғбек туманида ҳам давом этмоқда. “Баҳор” маҳалласига кириб борар экансиз, катта-ю кичик бир бўлиб йўл четидаги дараҳтлар оқлаётганига, ерни юмшатиб, турли кўчатлар экаётганига гувоҳ бўласиз. Тумандаги “Яланғоч” маҳалласи ҳам бундан мустасно эмас. Шу ном билан аталувчи қабристонда ҳам ўтганлар руҳи ёд этилиб, ҳудуд атрофи турли чиқиндилардан тозаланди.
Шу каби эзгу тадбирларга гувоҳ бўлар эканмиз, қалбимизда беихтиёр ғурур ва ифтиҳор туйғулари жўш уради. Ҳашарчиларга “Ҳорманг!” дея уларга куч қувват тиладик. Зеро, ўзи туғилиб ўсган тупроғининг ҳар қарич ерини муқаддас деб билган инсон она юртининг тозалигига, озодалигига ҳам бефарқ бўлмайди.
Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги